ЖБ Ўзбекистоннинг уч шаҳри инфраструктурасини яхшилашга $100 млн ажратди
Тошкент. 20 декабр. ЎзТАГ – Жаҳон банки гуруҳининг аъзоси бўлган Халқаро молия корпорацияси (ХМК) Ўзбекистоннинг уч шаҳрида инфраструктура ва муниципал хизматларини яхшилаш лойиҳасини амалга оширишга $100 млн кредит тақдим этди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Ўрта шаҳарларнинг комплекс ривожланиши” лойиҳаси Жаҳон банки директорлар кенгаши томонидан 18 декабрда тасдиқланди.
“ЖБ биринчи марта Ўзбекистонда шаҳар хўжалигини ривожлантириш лойиҳасини молиялаштиради. Лойиҳа Бухоро, Тошкент ва Наманган вилоятларидаги ўрта шаҳарларда турмуш шароитларини яхшилашга ёрдам беради, шунингдек, мамлакат ҳукуматининг минтақаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга йўналтирилган саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди”, - деб таъкидлади ЖБнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Хидеки Мори.
Когон (Бухоро вилояти), Чортоқ (Наманган вилояти) ва Янгийўлда (Тошкент вилояти) шаҳар инфратузилмаси модернизация қилинади, жамоат фойдаланиши учун янги жойлар яратилади, аҳоли қулайлиги учун транспорт тизими яхшиланади ва муниципал хизматлар очилади. Ушбу аҳоли пунктларининг умумий аҳолиси сони 165 минг кишини ташкил этади.
Эслатиб ўтамиз, ЖБ мамлакат иқтисодий ва ижтимоий ривожланишини қўллаб қувватлаш мақсадида Ўзбекистонда умумий қиймати $3,4 млрдлик лойиҳаларни молиялаштирмоқда. Ушбу лойиҳалар макроиқтисодий ислоҳотлар, қишлоқ хўжалиги, сув таъминоти ва санитария, таълим, энергетика, транспорт ва минтақавий ривожланиш соҳаларини қўллаб қувватлашни ўз ичига олади.
Сурат манбаи: https://akipress.com