ЖЧ-2014: Аргентина Швейцарияни енга олди, Бельгия эса америка тўсиғидан зўрға ўтди

Дата: 13:22, 02-07-2014.

Тошкент. 2 июл. ЎзТАГ - Аргентина ҳарқалай Швейцарияни 1:0 ҳисобида енгди, Бельгия эса америка тўсиғидан зўрға ўтди (2:1), дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) футбол бўйича Бразилиядаги жаҳон чемпионати 1/8 финали тўртинчи куни ўйинлари ортидан.
Тўғрисини айтганда, Аргентина-Швейцария ўйинини телевизор орқали кўриш азоб билан баробар бўлди. Асосий вақт давомида ҳар икки жамоа майдонда азоб чекишди, дейиш мумкин.
Аргентина ўз дарвозасидан ҳавфсираган ҳолда, Жердан Шакири ва шерикларининг исталган пайтда қарши хужум уюштириб, гол уришидан қўрқиб ўйнадилар. Лекин шу тахлит ўйин ҳам жамоага унча ёрдам бермади. Аксинча, биринчи таймда швейцарияликлар ҳисобни очишга яқинроқ эдилар.
Иккинчи таймда эса Месси ва Анхель Ди Мария суръатни кескин оширдилар ва Швейцария термаси дарвозасига қаттиқ босим уюштирдилар.
Швейцария нима билан жавоб берди дерсиз? Ҳеч нима билан! Чунки улар бутун ўйин давомида аргентиналикларнинг хато қилишларини кутиб ўйнадилар.
Бир гап билан айтганда ўйиннинг асосий вақти ва қўшимча вақтнинг 28 дақиқасигача ҳар икки жамоа рақиб дарвозаси олдида 100% голли вазият ярата олмади.
Ўйиннинг 118-минутида ҳаммаси пенальтиларга қараб кетаётганлигини кўрган Месси яна ташаббусни ўз қўлига олди. У тўпни деярли майдоннинг ўртасидан швейцарияликлар жарима майдончасига олиб борди ва Ди Марияга аниқ етказиб берди. Ва мадриднинг “Реал” клуби ўйинчиси уни Диего Бенальо дарвозаси бурчагига йўллади – 1:0.
Швейцарияликлар бир дақиқадан кейин ҳисобни тенглаштиришлари мумкин эди, лекин Жемаилининг бош билан берилган зарбаси дарвоза тўсинига тегди.
1/8 финалнинг Бельгия ва АҚШ ўртасида кечган ўйин ҳам валидол билан кўриладиган ўйинлардан бўлди, дейиш мумкин. Ҳар икки жамоа ўта эҳтиёткорлик билан ўйнади ва хато қилмасликка туришди.
Бельгияликлар Брэдли гериги Демпсига аниқ пас етказиб бера олмаслигига эриша олдилар ва америкалик хужумчи деярли тўпсиз қолди.
Айни пайтда америкаликлар ҳам Бельгия-Россия ўйинида ўзини кўрсатган Мертенсга ўйин бермадилар. Азар вақти-вақти билан ўзига бириктирилган “сунъий йўлдош”дан қочиб кетишга эришган бўлсада, бундан бирон бир натижа чиқмади. Фақат қўшимча таймларнинг бошида Кевин Де Брейне америкаликлар дарвозасини ишғол қилди – 1:0. Кейин, 105-минутда заҳирадан тушган Ромелу Лукаку яна битта гол урди – 2:0.
Икки дақиқа кейин америкалик Жулиан Грин бунга бир гол билан жавоб қайтардилар (2:1).
Хуллас, 1/4 финалда Аргентина ва Бельгия ўйнайди. Кўпчилик ҳозирданоқ аргентиналиклар ғалаба қилади, деб ўйламоқда, чунки улар кучлироқ ва тажрибалироқ. Бунинг устига улар орасида Месси, Ди Мариялар ҳам бор. Лекин, келинг, яхшиси ўйинни кутайлик. Футболда эса ҳамма нарса бўлиши мумкин...

Янгилик билан ўртоқлашиш: