ЖЧ-2014: Бугун Италия ва Уругвай “ташлашади”, Англия эса бирон нимага қодирлигини исботлашга уриниб кўради

Дата: 15:08, 24-06-2014.

Тошкент. 24 июн. ЎзТАГ – Бугун Италия ва Уругвай “D” гуруҳидан плей-оффга чиқиш учун ягона йўлланма учун “ташлашади”, Англия эса Коста-Рика билан ўйинда ўзининг бирон нимага қодирлигини исботлашга уриниб кўради, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) футол бўйича жаҳон чемпионатидаги “D” ва “С” гуруҳларида кечадиган ўйинлар олдидан.
Бундан ташқари, “С” гуруҳининг Колумбия-Япония ва Кот-д`Ивуар-Греция ўртасидаги ўйинларда биринчи жамоалар кейинги босқичга чиқишлари учун дуранг ўйнашларининг ўзи кифоя.
Айнан “D” гуруҳи мундиалдаги энг сенсацион гуруҳ деб аташ учун барча асослар мавжуд.
Италиялик ва уругвайликлар англияликларни 2:1 ҳисобида енгган эдилар. Лекин ҳар икки ушбу жамоа чемпионатнинг асосий янгилиги – костарикаликларга ютқаздилар: Италия – 0:1, Уругвай – 1:3 ҳисобида. Лекин айнан ана шу ҳолат (тўплар нисбати) ҳал қилувчи учрашувдаги тактикани белгилаши мумкин.
Гап шундаки, Чезаре Пранделли шогирдларининг катта куч сарфлаб, албатта ғалаба қилишлари шарт эмас: иккинчи ўриндан чиқиш учун дурангнинг ўзи ҳам кифоя.
Лекин Андреа Пирло, Марио Балотеллилар Россия-Бельгия ўйинидаги вазиятни эсдан чиқармасликлари лозим. Эсингизда бўлса, ўшанда Россия охирги дақиқаларда дурангни сақлаб қола олмаган эди.
Лекин Оскар Табарес шогирдлари, аксинча, жон-жаҳдлари билан ўйнашларига тўғри келади. Чунки ушбу ўйинда уругвайликларга фақат ғалаба керак. Хуллас, икки рақиб ҳақиқатдан “ташлашади”, дейишга асос бор.
Параллел ўйинда Англия терма жамоаси Коста-Рика билан ўйинда нимагадир арзишини исботлаши керак. Ахир Англия термаси таркиби ёмон эмаски, нега жамоа ўйин кўрсата олмаяпти? Бунинг жавоби битта – жамоанинг шунга лойиқ мураббийси йўқ!
“С” гуруҳида Колумбия плей-оффга чиқиб бўлди, Япония билан дуранг эса унга биринчи ўриндан чиқишга имкон беради. Кот-д`Ивуарга эса Греция билан ўйинда дурангга эришишининг ўзи етарли.
Аслида ҳар икки гуруҳда жамоаларнинг кейинги босқичга қайси ўриндан чиқишлари унча аҳамиятли эмас. Чунки ҳар тўрт жамоанинг имкониятлари деярли тенг бўлади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: