ЖЧ-2014: Французлар ажойиб ўйин кўрсатишди, немислар эса Жазойирни фақат қўшимча таймларда енга олдилар

Дата: 11:52, 01-07-2014.

Тошкент. 1 июля. ЎзТАГ – Французлар ажойиб ўйин кўрсатиб, нигерияликларни 1/8 финалда 2:0 ҳисобида енгди, немислар эса Жазойирни фақат қўшимча таймларда енга олдилар, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) футбол бўйича Бразилияда ўтаётган жаҳон чемпионати плей-офф босқичи учинчи куни ўйинлари ортидан.
Франция Нигерияга қарши ва Германия Жазойирга қарши тушган ўйиндан одатда сюрпризлар кутилмайди. Бу ҳолни тушунса бўлади, чунки жамоаларнинг даражаси анча ҳар хил.
Айтайлик, Бензема ва унинг жамоадошларига африка вакиллари нима ҳам қарши қўя олар эдилар? Ёки, камтарин Жазойир немис машинасига қарши қандай кураша олар эди?
Лекин Франция-Нигерия ўйинининг биринчи таймида бунинг тескариси юз берди, Муса-Эменике иккилиги ва моҳир Одемвингиеларнинг хужумлари французларнинг хужумларидан кўра хавфлироқ кечди.
Фақат иккинчи таймда французлар мураббийси Дидье Дешамнинг режасига биноан французлар суръатни оширдилар. Натижада 79-дақиқада Поль Погба боши билан гол уриб, франузларни олдинга олиб чиқди, қўшиб берилган вақтда эса африкаликлар жамоаси капитани Йобо ўз дарвозасига гол уриб қўйди.
Германия-Жазойир ўйини кутилганига қарши ўлароқ ҳаяжонли бошланди. Биринчи минутларданоқ жазойирликлар кескин қарши хужумлар уюштира бошладилар. Ҳатто, бу ўйинда немислар эмас, балки бошқа бир жамоа майдонга тушгандай тасаввур ҳосил бўлди. Нега дейсизми?
Чунки жазойирликлар тезкор ҳаракат қилдилар, немислар ҳимояси африкаликлар хужумчиларини қувиб ета олмади. Ва бу ҳол Нойерни дарвозадан тез-тез олдинга чиқиб ҳаракат қилишга мажбур қилди. Ҳатто, вақти-вақти билан немислар дарвозабони хатога йўл қўйиб, ўйин бутунлай кутилмаган натижа билан тугайдигандай туюлди.
Лекин, бу сафар немисларнинг омади келди. Иккинчи таймнинг сўнгида немислар суръатни оширдилар. Қўшимча таймда Андреас Шюрле Германияни олдинга олиб чиқди - 1:0. Шундан кейин жазойирликлар ҳисобни тенглаштиришлари мумкин эди, лекин бунинг уддасидан чиқа олмадилар. 119-минутда эса Месут Озил ҳисобни 2:0га етказди.
Лекин орадан бир дақиқа ўтиб, жазойирлик Абдельмунен Жебу орадаги фарқни биттага қисқартиришга муваффақ бўлди (2:1).
Хуллас, 1/4 финалда икки азалий рақиблар – Франция ва Германия бир-бирига қарши майдонга тушади ва улардан бири мундиални тарк этади. Афсус, нима ҳам дердик, лекин, футболнинг қоидаси шундай.

Янгилик билан ўртоқлашиш: