ЖЧ-2014: Германия-Бразилия яримфинал учрашувида асаблари мустаҳкам жамоа ғалаба қилади
Тошкент. 8 июл. ЎзТАГ – Германия-Бразилия яримфинал учрашувида асаблари мустаҳкам ва ҳар қандай оғир ҳолатда совуққонликни йўқотмайдиган жамоа ғалаба қилади, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Бразилиядаги футбол бўйича жаҳон чемпионати илк яримфинал ўйини олдидан.
Бугунга қадар Бразилияликлар бир неча маротаба мундиалдан чиқиб кетишларига сал қолди. Бунинг учун 1/8 ва 1/4 финалда Чили ва Колумбия билан бўлиб ўтган ўйинларни бир эслаб кўринг. Ёки бундан ҳам олдинги Мексика термаси билан бўлган ўйинда ҳам чемпионат мезбонлари Гильермо Очоа дарвозасига 90 минут давомида гол ура олмаган эдилар.
Фақат Камерун билан бўлган ўйинда Бразилия ҳақиқий чемпионлар каби ўйнади (4:1), Хорватия термаси билан бўлган учрашувда эса пентакампеонлар бош мураббийси Сколари ва унинг шогирдлари буни бирданига унутдилар.
Ўз навбатида, Германия гуруҳ босқичида Португалияга қарши ажойиб ўйин кўрсатди (4:0), кейинчалик Гана билан камтарона дуранг ва АҚШ устидан минимал ҳисобдаги ғалаба қайд этилди.
Бугунга қадар ҳеч ким жиддий қабул қилмаган Жазойир термасини эса Германия фақат омад туфайли енгди. 1/4 финалда эса Германия 1:0 ҳисобида ғалаба қилган бўлсада, ўйиннинг боришини тўлиқ назорат қилди.
Бугун тошкент вақти билан соат 01.00 Белу-Оризонтидаги Mineirao стадионида немислар ва бразилияликлар ўртасида ҳақиқий жанг бўлиб ўтади.
Икки жамоа ўртасидаги ўйинлар статистикаси Бразилия фойдасига ҳал бўлган. Чемпионат мезбонлари ҳисобида немислар устидан 5 ғалаба, 3 дуранг ва 2 мағлубият бор.
Сўнгги марта жамоалар 2011 йил 10 августда ўйнаганлар. Ушбу ўртоқлик учрашувида немислар 3:2 ҳисобида ғалаба қилган.
Лекин бу шунчаки статистика.
Бразилия термаси раҳбари Луис Фелипе Сколари олдида ҳимоячи Тиаго Силва ва ҳужумчи Неймарни ким билан алмаштириш керак, деган муаммо турибди...бу чакана муаммо эмас. Ўз навбатида, Германия термасининг бош мураббийси Йоахим Лев жамоани аввало психологик жиҳатдан ўйинга тайёрлаши зарур. Айниқса биринчи таймда ўз майдонида ўйнаётган Бразилияни тўхтатиб туриш жуда муҳим... Агар немислар бунинг уддасидан чиқа олишса – мақсадга етишлари осонлашади
Хуллас, бугун ҳақиқий футбол жанги бўлади. Унда ақл билан ҳаракат қилган жамоа ғалаба қилади. Бунинг учун эса асаб жойида бўлиши керак...