ЖЧ-2014: Германия-Бразилия ўйинида кўз кўриб, қулоқ эшитмаган натижа қайд этилди!

Дата: 11:36, 09-07-2014.

Тошкент. 9 июл. ЎзТАГ – Германия терма жамоаси Бразилия термаси устидан ишончли ғалаба қилди ва финалга чиқди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) футбол бўйича Бразилияда ўтаёган жаҳон чемпионати биринчи яримфинал ўйини ортидан.
Кечаги фикримизни давом эттирадиган бўлсак, немисларнинг асаби мустаҳкамроқ бўлиб чиқди. Бразилияликлар эса довдираб қолдилар...
Пентакампеонларнинг ўйини фақат Тиагу Силва ва Неймарга боғлиқлигига ҳеч ишонгим келмаган еди. Бундай бўлиши мумкин эмас еди. Чунки жаҳон чемпионатининг ярим финалига чиққан терма жамоа бунчалик икки ўйинчига боғланиб қолиши мумкин эмас!
Лекин мезбонлар ўйинчилари юмшоқ қилиб айтганда жуда ҳам ёмон ўйнадилар.
Хусусан, бошланғич таркибда Тиагу Силва ўрнига тушган ҳимоячи Данте жуда оғир ҳаракатланди. Худди бразилияда марказий ҳимоя чизиғи умуман йўқ каби. Айнан марказ орқали Мюллер 11 минутда биринчи голни урди. Кейинчалик ҳам немислар марказдан қилинган ҳужумларда муваффақиятга эришдилар.
Бошланғич таркибда Неймар ўрнига тушган хужумчи Фред ҳам ўта ёмон ўйнади. Масалан, у 21 дақиқада Халк томонидан узатиб берган тўпга ҳатто оёғини ҳам чўза олмади. Биринчи таймнинг сўнгги дақиқасида Данте унга яна узоқ масофадан пас етказиб берди. Ва...Фред шердай олишиш ўрнига қопдан ерга қулади... 59 дақиқада ҳам шунга ўхшаш ҳолат юз берди.
Лекин шунга қарамасдан Луис Фелипе Сколари Фредга 70 минут ўйнашга рухсат берди....
Энди ўйинга келайлик.
Қизиғи, ўйиндаги биринчи ҳавфли вазият бразилияликлар дарвозаси олдида юзага келди. Лекин Сколари бунга эътибор ҳам бермади.
11-дақиқада Мюллер биринчи голни киритди.
1:0.
14-дақиқада Мирослав Клозе марказдан иккинчи тўпни киритди.
2:0.
24- ва 26-минутларда Тони Кроос дублга эришди.
4:0.
Уч минутдан кейин, 29-дақиқада Сами Хедира гол урди.
5:0.
Хуллас, бразилия учун асосий йўқотиш Неймар эмас, балки Силва эканлиги маълум бўлиб қолди. Кўпчилик ажойиб ўйин кутган Халқ эса ишқибозларнинг ишончини оқламади.
Иккинчи таймда мезбонлар бир оз уйғонгандек бўлдилар. Заҳирадан тушган Паулиньо ва Рамирес немислар дарвозаси олдида хавфли вазиятларни юзага келтирдилар. Аммо Германия дарвозабони Нойер яхши ўйнади.
Кейин...
58- минутда Шюррле Клозе ўрнига тушди.
69-дақиқада Шюррле немисларнинг чиройли комбинациясини якунлади.
6:0.
79-минутда Шюррле чап қанотдан бразилия дарвозабонини доғда қолдирди.
7:0.
Ва фақат 90-минутда Оскар атига битта тўп киритиб, жамоасини “қуруқ” ҳисобдаги мағлубиятдан қутқариб қолди.
7:1.
Хуллас, немислар финалга муносиб равишда чиқдилар.
Бразилилия термаси эса худди шу тахлит мундиални тарк этди.
Германияга ушбу фантастик ўйин учун раҳмат деймиз!
Гутен абенд, финал!

Янгилик билан ўртоқлашиш: