ЖЧ-2014: Германия ва Франция жон-жаҳти билан олишади, Бразилия эса Колумбияни енга олмаслиги ҳам мумкин

Дата: 13:19, 04-07-2014.

Тошкент. 4 июл. ЎзТАГ - Германия ва Франция жон-жаҳти билан олишади, Бразилия эса Колумбияни енга олмаслиги ҳам мумкин, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) футбол бўйича Бразилиядаги жаҳон чемпионатининг 1/4 финали биринчи ўйинлари олдидан.
Тошкент вақти билан соат 21.00да Рио-де-Жанейродаги “Маракана” стадионида Германия ва Франция терма жамоалари бир-бирларига қарши келадилар. Ўйлашимча, кўпчилик ушбу ўйиндан ажойиб футбол томошаси ва драматик кескинликни кутмоқда. Чунки яхши ўйин кўрсатаётган ушбу жамоалардан бири чемпионатни тарк этишга мажбур бўлади.
Дидье Дешам бошчилигидаги французлар ушбу жамоанинг бундан олдинги мураббийи – Лоране Блане пайтидагидан кўра бардамроқ кўринади.
Йоахим Лев бошчилигидаги немислар эса мундиалнинг икл ўйинида португалияликларни дабдала қилдилар. Лекин кейин американи зўрға енгиб, Гана билан дуранг ўйнадилар, 1/8 финалда эса Жазоирга ютқазиб қўйишларига сал қолди...
Бир сафар омадлари келди ҳарқалай.
Букмекерлар бўлажак ўйиндаги устунликни немисларга бермоқдалар (Германия ғалабаси - 2.50, дуранг - 3.00, Франция ғалабаси - 3.10).
Лекин булар оддий рақамлар холос.
Чемпионат бошланганига қадар кўпчилик ишқибоз ва мутахассислар Германияга тиккан бўлар эди, ва, буни тушунса бўлар эди. Яъни, бақувват “немис машинаси” ҳар қандай рақибни янчиб ташлашга қодир эди!
Энди, плей-оффнинг биринчи ўйинларидан кейин барчаси бир оз бошқача кўринади. Ҳозирда франуцузлар қизиқарлироқ жамоа сифатида кўринмоқда. Лекин бунинг ўзи немислар устидан ғалаба қилиш учун етарлимикан? Хуллас, ушбу ўйин французлар учун ҳақиқий синов бўлиши кутилади.
Чунки немислар бу немислар. Улар ҳар доим, ҳар қандай мусобақаларнинг фаворитлари бўлиб келганлар.
Лекин немислар ҳам франция устидан ғалаба қила олармикан? Эшитган бўлсангиз, 1/4 финал ўйини олдидан жамоанинг етти ўйинчиси шамоллаб қолгани эълон қилинди. Левнинг сўзларига кўра, улар гриппнинг енгил шакли билан оғриганлар. Фақат ушбу ҳол немисларнинг ўйини сустлашишига сабаб бўлиши мумкин...
Тошкент вақти билан соат 01.00да Форталезедаги “Кастелан” стадионида 1/4 финалнинг иккинчи ўйинида Бразилия ва Колумбия беллашади. Ҳар 100 ишқибоздан 99таси ушбу ўйинни интиқлик билан кутмоқда.
Букмеклар, ҳар доимгидай, устунликни турнир мезбонларига бермоқдалар - 1,79. Рақиб ғалабаси эҳтимоли 4,80га, дуранг 3,65га баҳоланмоқда.
Бундан ташқари, ўйинлар статистикаси ҳам Бразилия фойдасига.
Сўзи келганда бразилияликларнинг ҳужумда маълум муаммолари борлигини ҳам айтиб ўтиш керак. Буниг учун Мексика ва Чили билан бўлган ўйинларни эслаш кифоя. Неймар яхши хужумчи бўлишига қарамасдан, кўпинчи, узоқдан самарасиз зарбалар беришга тушиб кетади. Ундан кўра менга Халк самарали ўйинчидек туюлади.
Колумбияга қарши жамоа бош мураббийси Хосе Пекерманнинг омадсизлиги ишлаши мумкин холос. Эсингизда бўлса, у 2006 йилда Аргентинани бошқарган, жамоа ажойиб ўйин кўрсатган бўлсада, мундиалда ғолиб бўлолмаган эди...
Лекин Колумбия таркибида “Монако” ярим ҳимоячиси Хамес Родригес каби ажойиб ўйинчи бор. Бугунгача у чемпионатнинг тўрт ўйинида 5 гол ва 2 голли тўп узатиб улгурди.
Агар унинг жамоаси бразилияликларни енга олса, турнирдаги энг иродали жамоа мақомини олиши мумкин. Лекин бунинг учун Бразилияни ютиш керак...
Хуллас, ана шунақа гаплар! Келинг, ўйинларни кутайлик, ҳаммаси бугун ойдин бўлади!

Янгилик билан ўртоқлашиш: