ЖЧ-2014: Голландия иродали ўйин кўрсатиб 1/4 финалга чиқди, Коста-Рика эса ўйиндан кейинги пенальтилар серияси бўйича кейинги босқичга ўтди

Дата: 11:08, 30-06-2014.

Тошкент. 30 июн. ЎзТАГ – ЖЧ-2014: Голландия иродали ўйин кўрсатиб 1/4 финалга чиқди, Коста-Рика эса ўйиндан кейинги пенальтилар серияси бўйича кейинги босқичга ўтди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) футбол бўйича Бразилияда ўтаётган жаҳон чемпионатидаги Голландия ва Мексика, Коста-Рика ва Греция термалари ўртасидаги 1/8 финал ўйинлари ортидан.
Бошида голландлар ўйинга қандайдир бўшашган ҳолда чиққанга ўхшаб кўринди. Улар худди ғалаба қозонишларига 500% ишонгандек эдилар. Гуруҳ босқичидаги Австралия билан кечган ўйинда ҳам шундай бўлган эди. Лекин ўйин омадлироқ бўлган голландлар ҳисобига ҳал бўлди.
48- минутда мексикалик юлдуз Жовани дос Сантос ажойиб зарба йўллаб, “лолалар юрти” дарвозабонини доғда қолдирди: 0:1.
Шундан кейин голландлар бирданига суръатни оширдилар, мексикаликлар эса ҳимояни кучайтирдилар.
88-минутда Уэсли Снейдер кучли зарба билан дарвоза тўрини йиртай деди – 1:1.
Бундан сал олдинроқ, Луи ван Гал мегаюлдуз Робин ван Персини заҳирага чиқариб юборди ва Роббеннинг ташаббускор бўлишига имкон берди. Ва, менимча, жуда тўғри қилди. Айнан ушбу ўйинчи жамоани олдинга етаклади ва ғалабага олиб келди.
Қўшимча вақтда Роббен ишлаган пенальти Клас-Ян Хунтелар томонидан бехато киритилди. 2:1, ва Голландия 1/4 финалда!
Голландларнинг рақиби Коста-Рика-Греция ўйини ғолиби бўлиши керак эди.
Қайд этиш керакки, ҳозир юқорида тилга олинган ҳар икки жамоа кейинги пайтда унча кўп гол ура олмаяпти. Бу ўйинда ҳам шундай бўлди.
Биринчи таймни иккитомонлама хатолар йиғиниси, дейиш мумкин. Греклар қанотларда, костарикаликлар эса қарши ҳужумда ўйнадилар.
Фақат иккинчи бўлимнинг 52-дақиқасида костарикаликлар хужуми Риоснинг голи билан тугалланди – 1:0.
Шундан кейин греклар хужумга ташландилар ва қўшиб берилган вақтда ҳисобни тенглаштирдилар – 1:1.
Ўйиндан кейинги пенальтилар сериясида костарикаликлар аниқроқ ҳаракат қилдилар: 5:3.
Хуллас, 1/4 финалда голландия ва Коста-Рика ўйнайди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: