Жээнбеков Ўзбекистон билан яхши қўшничилик муносабатларини ривожлантириш Қирғизистон ташқи сиёсатининг устуворликларидан бирилигини билдирди

Дата: 15:23, 16-08-2017.

Тошкент. 16 август. ЎзТАГ – Бишкекда Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси ўртасида ҳамкорлик бўйича иккитомонлама ҳукуматлараро комиссия йиғилиши бошланди, деб хабар беради Қирғиз телеграф агентлиги (ҚирТАГ) ҚР ҳукумати матбуот хизматига асосланган ҳолда.

Йиғилиш Ўзбекистан бош вазири Абдулла Арипов ва Қирғизистон бош вазири Сооронбай Жээнбеков раислигида ўтмоқда. Йиғилиш олдидан ҳукуматлар раҳбарларининг қисқа таркибда уврашуви бўлиб ўтди.

“Сиз билан учрашганимдан чин дилдан мамнунман. Айтиб ўтиш зарурки, жорий йил 4 июлда “Тошкент – Тамчи” ўртасида тўғридан-тўғри авиарейс қўйилди. У Ўзбекистон фуқароларига Иссиқкўлда дам олишга имкон беради. Ўзбекистон билан яхши қўшничилик муносабатларини ривожлантириш Қирғизистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир. Ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга йўналтирилган ҳаракатларнинг фаоллашганини таъкидлаб ўтиш ҳам қувончлидир”, - дея қайд этди Сооронбай Жээнбеков.

ҚР бош вазири “ҳукуматлараро комиссия барча масалаларни муҳокама қилиш учун яхши майдонча”лигини таъкидлади.

Шунингдек, у иккитомонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия йиғилиши охирги марта 2009 йилда ўтказилганлигини ҳам эслатиб ўтди.

Ушбу йиғилишдан кейин Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш бўйича ҳукуматлараро комиссия йиғилиши бўлиб ўтади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: