“Женерал Электрик” 2018-2025 йилларда Ўзбекстон газотранспорт тизимини модернизация қилишда қатнашади

Дата: 14:32, 20-09-2017.

Тошкент. 20 сентябр. ЎзТАГ – Американининг “Женерал Электрик” ширкати 2018-2025 йилларда Ўзбекстон газотранспорт тизимини модернизация қилишда қатнашади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу ҳақида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 19 сентябрда Нью-Йоркда АҚШнинг етакчи компаниялари раҳбарларини қабул қилганидан кейин маълум бўлди.

“Учрашувда Америка – Ўзбекистон савдо палатаси раиси Кэролин Лэмм, “Женерал Электрик” компанияси президенти Рон Полетт, “Ханивелл” компанияси президенти ва ижрочи директори Ражив Гаутам, “СиЭнЭйч Индастриал” компанияси вице-президенти Стивен Надерни, “Дир энд Компани” компанияси президенти Жеймс Филд иштирок этди”, - дейилади давлат раҳбари матбуот хизмати хабарида.

Таъкидланишича, Рон Полетт билан мулоқотда Ўзбекистон билан “Женерал Электрик” компанияси ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, хусусан, 2018-2025 йилларда Ўзбекистон газ транспорти тизимини техник янгилаш, модернизация қилиш ва ривожлантириш дастурини амалга ошириш таклиф қилинди. Мамлакатимизда гидроэлектр станциялари қуриш, замонавий тиббий ускуналар ва ёритиш мосламалари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.

“Стивен Надерни билан суҳбатда “СиЭнЭйч Индастриал” компанияси билан ҳамкорликда Ўзбекистонда ўрим-йиғим, мелиорация ва йўл қурилишида қўлланиладиган, газда ишлайдиган замонавий қишлоқ хўжалиги техникалари ишлаб чиқаришни ташкил этиш масалалари эътибор марказида бўлди”, - дейилади хабарда.

Шунингдек, “Ханивелл” компанияси президенти ва ижрочи директори Ражив Гаутам билан суҳбатда ўзаро ҳамкорликда нефть-кимё ва энергетика соҳаларида юқори технологияли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, авиация ускуналарини етказиб бериш борасида фикр алмашилди.

“Жеймс Филд билан мулоқот чоғида “Дир энд Компани” компанияси билан алоқаларни янги босқичга кўтариш масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, мамлакатимизда мева-сабзавотчилик ва узумчиликда қўлланиладиган трактор ва махсус техника воситалари ишлаб чиқариш, уларнинг эҳтиёт қисмлари тайёрлашни маҳаллийлаштириш, соҳага ихтисослашган тренинг маркази ташкил этиш бўйича таклифлар кўриб чиқилди”, - дея қайд этилади хабарда.

Шавкат Мирзиёев 20 сентябр куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон – АҚШ бизнес-форуми икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш, истиқболли қўшма лойиҳаларни муҳокама қилиш ва ўзаро манфаатли келишувларга эришишда катта воқеа бўлишини таъкидлади.

Ўз навбатида, Америка – Ўзбекистон савдо палатаси вакиллари Ўзбекистон билан ҳамкорликда қўшма дастур ва лойиҳаларни амалга оширишда фаол иштирок этишга тайёр эканини тасдиқлади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: