ЖИДУ ва МХМИ биргаликда бўлажак дипломатларни тайёрлайди
Тошкент. 23 март. ЎзТАГ – Ўзбекистон ТИВ ҳузуридаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатияси университети (ЖИДУ) ва Москва халқаро муносабатлар институти (МХМИ) яқиндан ҳамкорликни йўлга қўймоқдалар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ўзбекистон ТИВ маълум қилишларича, юқоридаги ОТМнинг ҳамкорлигини мустаҳкамлаш бўйича амалий қадамлар Москвада Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари Абдужабор Абдувоҳитовнинг МХМИ ректори, РФА академиги Анатолий Торкунов билан учрашувида муҳокама қилинди.
Энг аввало, ҳамкорлик халқаро иқтисодиёт, ҳуқуқшунослик, синхрон таржима, журналистика ва бошқа талаб кучли бўлган йўналишларда юқори малакали мутахассислар тайёрлаш соҳаларида йўлга қўйилади.
Ушбу масалалар юзасидан ҳамкорлик олий ва юқори даражадаги ўзбек-россия алоқалари доирасидаги келишувларни амалга ошириш ишлари доирасида муҳокама қилинди.
Сурат манбаи: из открытых источников