“Жиззах” ЭИҲ қиймати 255 млрд сўмликдан зиёд маҳсулот ишлаб чиқарилди

Дата: 19:38, 20-01-2017.

Тошкент. 20 январ. ЎзТАГ – “Жиззах” ЭИҲ қиймати 255 млрд сўмликдан зиёд маҳсулот ишлаб чиқарилди, $11,9 млнлик маҳсулот экспорт қилинди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Ҳозирги кунда ҳудудда автомобиллар ва юк машиналари учун тормоз колодкалари, телевизор, кондиционер, музлаткич, кир ювиш машинаси, микротўлқинли печь, светодиодли лампалар, полипропилен иплар, видео ва IP телефонлар, телекоммуникация ускуналари, интернет тезлигини оширувчи бутловчи қисмлар каби турли саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда”, - деб таъкидлашди Иқтисодиёт вазирлигида.

Шунингдек, вазирликда эркин иқтисодий ҳудудга айниқса, хитойлик сармоядорларда катта қизиқиш уйғотаётганини таъкидлашди. 2016 йил декабр ойида ўтказилган бизнес-форум доирасида хитойлик ва жиззахлик ишбилармонлар 10 лойиҳа бўйича ўзаро келишувларга эришиб, меморандумлар имзолади.

Айни пайтда эркин иқтисодий зона маъмурий кенгаши хорижий ва маҳаллий инвесторлар билан дастлабки қиймати $213,3 млн бўлган 25 лойиҳани амалга ошириш устида иш олиб бормоқда. Жумладан, жорий йилнинг иккинчи чорагида йилига 24 миллион квадрат метр ойна ишлаб чиқариш қувватига эга “Mingyuan Si Lu Industry” хорижий корхонасининг биринчи навбати ишга туширилиши режалаштирилмоқда.

Хитойлик сармоядорларнинг $109,7 млнлик инвестицияси ҳисобидан барпо этилаётган ушбу янги корхона тўлиқ ишга туширилиши билан 391 янги иш ўрни яратилади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: