“Жиззах” эркин саноат ҳудудида янги ўзбек-британ қўшма корхонаси ташкил этилди

Дата: 17:34, 11-12-2015.

Тошкент. 11 декабр. ЎзТАГ – “Жиззах” эркин саноат ҳудудида замонавий электротехника маҳсулотларига ихтисослашган янги Roison Home White Goods ўзбек-британ қўшма корхонаси ташкил этилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Қиймати $26,6 млнга тенг корхона йилига 650 минг дона маиший техника воситалари ишлаб чиқариш қувватига эга. Жумладан, 100 минг музлатгич, 50 минг кондиционер, 50 минг кир ювиш машинаси, 100 минг газ плитаси, 100 минг телевизор, 50 минг чангютгич ва 200 минг микротўлқинли печ ишлаб чиқарилади”, - дейилади Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги элчихонаси тарқатган хабарда.

Ҳозирда корхонанинг $15,3 млнлик биринчи босқичи ишга туширилди. Биринчи босқичда 6 турдаги 325 минг дона маиший техника воситалари ишлаб чиқариш мўлжалланган бўлиб, 200 янги иш ўрни яратилди.

“Бу ерда таниқли “Roison”, “Candy”, “Hoover” брендлари остида музлатгич, кондиционер ва кир ювиш машиналари ишлаб чиқарилади, – дейди корхона раҳбари Миракмал Ҳидоятов. Келгусида маҳсулотларни МДҲ мамлакатларига экспорт қилиш мўлжалланмоқда. Корхонанинг иккинчи босқичи ишга туширилиши билан иш ўринлари 340тага етади”.

Эслатиб ўтамизки, жорий йилда “Жиззах” эркин саноат ҳудудида 8 янги корхона ишга тушди. Йил охиригача яна 3 корхонани ишга тушириш режалаштирилган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: