“Жиззах пластекс” ўзбек-немис қўшма корхонаси янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйди
Тошкент. 8 июл. ЎзТАГ – Жиззахдаги энг йирик енгил саноат корхоналаридан бири - МЧЖ “Жиззах пластекс” ўзбек-немис қўшма корхонаси салқинлаштирувчи ичимликлар учун пластик идишлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Вилоят ҳокимиятидан хабар қилишларича, “Жиззах плаcтекс” МЧЖ пахта толасини қайта ишлашга ихтисослашган. Бу ерда йилига 12 минг тонна тола қайта ишланади, 8,5 минг тонна калава ип, 4 минг тонна трикотаж матолар ишлаб чиқарилади.
Ҳозирда корхонада ишлаб чиқаришни ривожлантиришнинг иккинчи босқичи амалга оширилмоқда. Бу қўшимча 4 минг тонна матони қайта ишлаш ва бўяш, 6 млн дона тайёр буюмлар ишлаб чиқаришга имкон беради.
Пластик бутилкалар ишлаб чиқариш корхонада яқинда ўзлаштирилди. Бугун бу ерда Канада ва Италия технологиялари бўйича ҳажми 0,5, 1 ва 1,5 литрлик идишлар чиқарилмоқда.
Эслатиб ўтамизки, “Жиззах Пластекс” ҚКси 2013 йил сентябрда очилган бўлиб, қиймати $47 млнга тенг. Лойиҳа банкларнинг $21 млнлик кредитлари ва $6,3 млн миқдордаги хорижий инвестициялар ҳисобига молиялаштирилган.