Жиззах вилояти текстиль тармоғида қиймати $111 млнлик лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилмоқда

Дата: 18:02, 28-04-2017.

Тошкент. 28 апрел. ЎзТАГ – 2017-2018 йилларда тўқимачилик саноатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури доирасида Жиззах вилояти қиймати $111 млнлик лойиҳаларни амалга ошириш, 2890 янги иш ўрни ташкил этиш режалаштирилмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ушбу режалар Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Жиззах вилояти Пахтакор туманига ташрифи доирасида очиқланди. Бу ерда у енгил саноат, чарм-пойабзал, қишлоқ хўжалиги тармоқларида амалга ошириладиган истиқболли лойиҳалар билан танишди.

“Вилоятда 2017-2018 йилларда енгил саноатни ривожлантириш дастури доирасида қатор истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган. Миллий банк томонидан “Элеганс текс”, “Пахтакор голд текс”, “Фориш голд текс”, “Зомин текстиль”, “Зарбдор текстиль” каби корхоналарда умумий қиймати $111 млнлик лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш ва 2890 янги иш ўрни ташкил этиш мўлжалланган”, - дейилади давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабарида.

Эслатиб ўтамизки, давлат раҳбарининг 2016 йил 21 декабрдаги “2017-2019 йилларда тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари Дастури тўғрисида”ги қарори соҳа ривожи учун кенг имкониятлар яратмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: