Жиззах вилоятида Шароф Рашидовнинг бюсти очилди

Дата: 09:37, 21-07-2017.

Тошкент. 21 июл. ЎзТАГ – Жиззах вилоятининг Ш. Рашидов туманида Шароф Рашидовнинг бюсти очилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) вилоят ҳокимлиги матбуот хизматига асосланган ҳолда.

“Туман маъмурияти биноси олдида бўлиб ўтган тадбирда ёзувчининг яқинлари, маҳалла фаоллари, жамоат, фан ва адабиёт намоёндалари иштирок этишди. Туман марказига ўрнатилган Шароф Рашидов бюстини Жиззах вилояти ҳокими Улуғбек Узоқов ва Ш. Рашидовнинг қизи Сайёра Рашидовалар очишди”, - деб таъкидлашди вилоят ҳокимлигида.

Эслатиб ўтамизки, жорий йилда Ўзбекистонда атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини нишонланади. Шавкат Мирзиёевнинг қарорига мувофиқ, Жиззах шаҳрида Шароф Рашидов хотирасига бағишланган ёдгорлик мажмуаси барпо этилмоқда. Унинг номига қўйилган туманда мемориал уй музейи қайтадан таъмирланмоқда.

Шароф Рашидов Ўзбекистон ССРни 1959-1983 йилларада узлуксиз бошқарган бўлиб, республика Коммунистик партиясининг биринчи котиби бўлган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: