Жиззахда Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги мактаб-интернат очилади

Дата: 21:00, 13-07-2017.

Жиззах. 13 июл. ЎзТАГ – Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси томонидан “Жиззах шаҳрида Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернатини ташкил этиш тўғрисида” қарори қабул қилинди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Хужжатга мувофиқ, 2017/2018-ўқув йилида мактаб-интернатнинг 5-8-синфларига ҳамда 2018/2019-ўқув йилидан бошлаб 5-синфига 30 нафардан ўқувчилар қабул қилинади.

Тегишли давлат органларига Жиззах шаҳрида янгидан қурилаётган 540 ўринли Жиззах вилояти халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институти биносини мактаб-интернатга бериш, уни 150 ўринли ўқув биноси, 100 ўринли ётоқхона ва 75 ўринли ошхонага мослаштириш, шунингдек мактаб-интернатни ўқув-лаборатория жиҳозлари, компьютер техникалари, ўқув-методик мажмуалар, методик қўлланмалар ва бадиий адабиётлар билан таъминлаш бўйича топшириқлар берилди.

Халқ таълими вазирлиги Давлат тест маркази билан биргаликда 2017/2018-ўқув йилидан бошлаб мактаб-интернатга иқтидорли ўқувчиларни саралаб олиш мақсадида она тили ва чет тили фанларидан тест синови ҳамда психологик-педагогик диагностика ўтказади.

Хужжат 2017 йил 3 июлдан кучга кирди. 

Янгилик билан ўртоқлашиш: