Жорий мавсумда Ўзбекистондаги ёзги лагерлар 292 мингдан зиёд болаларни қабул қилади

Дата: 16:03, 02-06-2016.

Тошкент. 2 июн. ЎзТАГ – Жорий мавсумда Ўзбекистондаги ёзги лагерлар 292 мингдан зиёд болаларни қабул қилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Ёз мавсуми давомида барча ҳудудларда интеллектуал ривожлантириш, экологик-биологик, ўлкашунослик, техник ижодкорлик, бадиий ижодиёт, ижтимоий мослашув бўйича ихтисослаштирилган оромгоҳлар ташкил этилади. Ўсмирлар учун меҳнат ва дам олиш оромгоҳлари фаолият кўрсатади”, - деб таъкидлашди Халқ таълими вазирлигида. 

Дам олиш масканларида болаларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ички ишлар, ёнғин хавфсизлиги, тиббиёт, энергетика, коммунал соҳа ходимларининг туну кун навбатчилиги ташкил этилади.

Ўқувчилар саломатлигини мунтазам назорат қилиб бориш мақсадида оромгоҳларда малакали шифокор ва ҳамширалар, санитария-эпидемиология хизмати мутахассислари тиббий хизмат кўрсатиши белгиланди. Тез тиббий ёрдам машиналари бириктирилиб, ҳар бир оромгоҳни белгиланган миқдорда дори-дармонлар, махсус дори воситалари билан таъминлаш чоралари кўрилди.

Таълим вазирлиги маълумотларига кўра, оромгоҳларга етказиб берилаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати, санитария-гигиена талабларига жавоб бериши ҳам қатъий назоратга олинади.

Барча оромгоҳлар зарур алоқа ва транспорт воситалари билан таъминланган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: