Жорий йил кузда Ўзбекистон президенти Ҳиндистонга расмий ташриф билан боради
Тошкент. 29 март. ЎзТАГ – Жорий йил кузда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиеев Ҳиндистонга расмий ташриф билан боради, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Бу ҳақида, хусусан, 28-март куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камиловнинг Ҳиндистон Республикаси Давлат ташқи ишлар вазири Мобашер Жавед Акбар билан учрашувида гапирилди.
“Суҳбат аввалида Мобашер Жавед Акбар Ҳиндистон делегацияси номидан Ўзбекистон Ҳукуматини Афғонистон тинчлик жараёни ва минтақамиз учун Тошкент форумининг муҳим якунлари билан табриклади. Конференцияда БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзолари, халқаро ва минтақавий тузилмалар ҳамда Афғонистонга қўшни давлатларнинг юқори даражали делегациялари йиғилганлиги қайд этилди”, - дейилади хабарда.
Учрашувда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил кузига режалаштирилган Ҳиндистонга расмий ташрифига тайёргарликнинг амалий жиҳатлари ва олий даражада бўлажак музокаралар кун тартибига асосий эътибор қаратилди.
“Суҳбат чоғида икки ва кўп томонлама шакллардаги Ўзбекистон-Ҳиндистон ҳамкорлигининг бошқа масалалари муҳокама қилинди”, - дейилади хабарда.
Музокараларда Ҳиндистон Элчиси Винод Кумар иштирок этди.
Эслатиб ўтамизки, Мобашер Жавед Акбар Афғонистон бўйича “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзусидаги 27 мартда бўлиб ўтган халқаро конференцияда иштирок этди.
Сурат манбаи: https://kun.uz/news/2018/03/12/tozikiston-bilan-geslar-kurilisi-bujica-mahsus-komissia-tuziladi?q=%2Fuz%2Fnews%2F2018%2F03%2F12%2Ftozikiston-bilan-geslar-kurilisi-bujica-mahsus-komissia-tuziladi


