Жорий йил якунлари бўйича ўзбек-грузин товар айланмаси $180 млнга етиши мумкин –Грузия элчиси

Дата: 15:33, 21-12-2015.

Тошкент. 21 декабр. ЎзТАГ – Жорий йил якунлари бўйича ўзбек-грузин товар айланмаси $180 млнга етиши мумкин. Бу ҳақида Грузиянинг Ўзбекистондаги элчиси Константин Жгенти Грузин киноси кунларига бағишланган матбуот анжумани доирасида айтиб берди.

Дипломатик вакиллик раҳбари сўзларига кўра, икки йил олдин ушбу кўрсаткич $36 млндан ошмас эди, 2014 йилда эса у $120 млнга етиб, 3 баравардан зиёдга ўсди. Жорий йилга у $60 млнга ошиб, $180 млнга етиши мумкин.

“2 йил олдин бу ерга келганимда Грузия ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айланмаси уч бараварга ошса, ишимни бажарган ҳисобланиб, қайтиб кетишим мумкинлиги ҳақида айтган эдим. Бу бир ярим йил олдин содир бўлди, шундан бери ходимларимиз “Бўлди, Сиз ваъдангизни бажардингиз, энди хотиржам қайтиб кетишингиз мумкин”, деб ҳазил қилишади, деб қўшимча қилди К.Жгенти.

У иккитомонлама савдо номенклатураси кенгайганини ҳам айтиб ўтди. Хусусан, бу Ўзбекистонга грузин минерал сувлари, дорилар, виноси ва Грузияга етказиб бериладиган қатор ўзбек товарларига тегишли.

К.Жгенти Тбилиси ва Тошкент ўртасида тўғридан-тўғри авиаалоқа масаласини ҳам кўтариш кераклигини таъкидлади.

“Буни албатта амалга ошириш зарур. Грузияда Ўзбекистон билан фаол алоқалар бўлишини исташмоқда, хусусан, туризм, бизнесменлар, ёшлар ўртасидаги алоқалар соҳаларида”, - деди элчи.

Янгилик билан ўртоқлашиш: