Жорий йилда Боровский номидаги Тошкент коллежи ўқувчиларни қабул қилмайди

Дата: 13:59, 20-06-2017.

Тошкент. 20 июн. ЎзТАГ – Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги (ССВ) ўз хабарида жорий йилда Боровский номидаги Тошкент тиббиёт коллежига ўқувчиларни қабул қилишни бекор қилингани ҳақидаги маълумотни тасдиқлади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

ССВ маълумотларига кўра, яқинда коллежи фаолиятида ўтказилган таҳлил ушбу муассасада ўқув тарбиявий жараённи ташкил этишда жиддий муаммолар борлигини кўрсатди. Хусусан, коллежда 2 минг реал ўқувчи ўрни мавжуд бўлса-да, бугунда бу ерда 3094 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда.

“Коллежда ўқувчилар сони унинг қувватига нисбатан бир ярим баробар кўп, гуруҳларда ўқувчилар сони ўртача 36−38 нафарни ташкил этади, ўқув хоналари етишмайди ва бу дарслар 2 сменада ташкил этилишига сабаб бўлган, ўқувчиларнинг дарсдан бўш вақтларида тўгарак машғулотларига жалб этилишини чеклаган, яъни қўшимча машғулотларни ўтказиш учун бўш аудиторияларга жуда катта эҳтиёж сезилган”, - дейилади хабарда.

Вазирлик ёндашувига кўра, ўқувчилар сонининг кўплиги жисмоний тарбия дарсларини спорт залларида ташкил этишда ўқувчиларни тўлиқ қамраб олиш имконини бермайди. Яъни, айрим гуруҳларга жисмоний тарбия дарсларини ўтиш имкони бўлмаган.

“Бундан ташқари, коллежда мажлислар зали ҳам йўқ, бу ҳол ўқувчилар ўртасида маънавий-ахлоқий, тарбиявий ишларни ташкил этиш, ота-оналар йиғилишларини ўтказишга имкон бермайди. Боз устига, уч минг нафардан ортиқ ўқувчи таҳсил оладиган ушбу коллежнинг Ахборот ресурс маркази ўқув зали бор йўғи 34 ўқувчига мўлжалланган, холос. Умуман, дарсларнинг икки сменада ташкил этилганлиги, ўқув хоналарининг барчаси бандлиги, таълим муассасасида ўқитувчиларнинг ўз устида ишлаши, ота-оналар билан ишлаш, дарсдан ташқари ишларни ташкил этиш, психологик хизмат кўрсатиш, маънавий-маърифий, тарбиявий ишларни ташкил этишда жиддий муаммоларни юзага келтирган”, - деб таъкидлашди Соғлиқни сақлаш вазирлигида.

Юқоридаги фактларни инобатга олган ҳолда, Боровский номидаги Тошкент тиббиёт коллежига 2017−2018 ўқув йили учун қабул тўхтатилиши юзасидан тегишли таклифлар тайёрланди. Мазкур таклифлар таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги 9-синф битирувчиларини академик лицей ва касб-ҳунар коллежларига қамраб олиш бўйича Мувофиқлаштирувчи Кенгашга тақдим этилди. Мазкур ваколатли органлар томонидан мазкур таълим муассасасининг келгуси фаолияти билан боғлиқ тегишли қарорлар қабул қилинади.

Эслатиб ўтамизки, олдинроқ Боровский номидаги Тошкент тиббиёт коллежининг бир гуруҳ ўқувчилари ўз курсдошлари Жасурбек Ибрагимовни оммавий равишда дўппослаган. Бу иш жамоатчилик эътиборига тушди ва республика бош прокурорининг шахсий назоратига олинди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: