Жорий йилда Ўзбекистонда Рамазон ойи 2015 йилдагидан 12 кун олдин бошланади

Дата: 07:23, 02-06-2016.

Тошкент. 2 июн. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти Ислом Каримов томонидан 1 май куни имзоланган қарорга мувофиқ, жорий йилда мамлакатда Рамазон ойи 2015 йилдагидан 12 кун олдин – 6 июндан бошланади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Давлат раҳбари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, “Нуроний” жамғармаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва бошқа жамоат ташкилотлари билан биргаликда Рамазон ойини жойларда миллий анъана ва қадриятлар, урф-одатларига мос ва уйғун тарзда ўтказишни топширди.

Қарорда таъкидланишича, ушбу қутлуғ ойда эҳтиёжманд кишиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оилалар ва маҳаллаларда меҳр-оқибат ва ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлаш, буюк алломалар, азиз-авлиёларимизнинг муқаддас зиёратгоҳларини ободонлаштиришга эьтибор қаратилади.

Эслатиб ўтамизки, 2015 йилда Рамазон 18 июнда бошланган эди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: