Жорж Крол: “Тошкентда мен метрода сайр қилиш ва бозорга боришни яхши кўрар эдим”

Дата: 13:44, 18-12-2014.

Тошкент. 18 декабр. ЎзТАГ – Америка Қўшма Штатларининг Ўзбекистондаги элчиси Жорж Крол маҳаллий журналистлар учун миссиясини тугаллаётганлиги муносабати билан сўнгги матбуот анжуманини ўтказди, дея хабар беради Podrobno.uz.

Америкалик дипломатнинг қайд этишича, мамлакатлар орасида жуда кўп умумийликлар бор бўлиб, ўзбекистонликлар ҳам худди америкаликлар сингари яхши овқатланишни ёқтирадилар.

“Ўзбекистондаги иш фаолиятим давомида дунёнинг ҳеч бир ерида бўлмаган турфа таомларни татиб кўрдим. Паловнинг деярли барча турлари – наманганча, жиззахча, самарқандча, бухороча ва бошқа кўплаб хилларини еб кўрдим”, - деб таъкидлади элчи.

Жорж Кролнинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда бўлиш даврида у мамнуният билан пойтахт метросида юрган ва Олой бозорига сабзавот ва мевалар сотиб олишга бориб турган. Бу ҳол метрони қўриқлаётган милиционарларда маълум ҳайрат уйғотган.

Айнан Ўзбекистонда Жорж Крол “Америка” сўзи ушбу мамлакатда, Амир Темур даврларида ўйлаб топилганини билиб олди. Тошкентликлар унга Американи Амир Темур очганлиги ҳақидаги хазилни сўзлаб берганлар. Унга кўра саркарда маҳалий ҳиндуларга биров бу ерлар кимники деб сўрашса, у “Амир-ака”га тегишли эканлигини айтишга буйруқ берган экан.

Қайд этиш зарурки, Жорж Крол ўзбек тилини ўрганиб олган ва унда эркин гаплаша оладиган камдан-кам хорижий дипломатлардан биридир. У бундан буён Қозоғистонда ишлайди, деб ёзади агентлик.


Янгилик билан ўртоқлашиш: