Зидан ёки Аллегри?
Тошкент. 31 май. ЎзТАГ – Тўлқин Ташимов. Чемпионлар лигаси финали ғолиблиги масаласи икки жамоа юлдуз ўйинчилари қарама қаршилиги доирасида эмас, балки икки мураббийлар – Зинедин Зидан ёки Массимилиано Аллегри концепциялар тўқнашуви кўламида ётади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Бунга қарши ўлароқ кўплаб футбол ишқибозлари “Реал”да ҳар қандай ўйин тақдирини буриб юбориши мумкин бўлган Криштиану Роналду, “Ювентус”да эса шунга ўхшаш нарсаларга қодир бўлган Гонсало Игуаин ва Пауло Дибалалар бор дейишлари мумкин.
Аммо Чемпионлар лигаси финалининг асосий қарама қаршилиги бош мураббийлар қарама қаршилиги бўлади. Айнан Испания ва Италия чемпионлари нима ўйин кўрсатиши Зидан ва Аллегрига боғлиқ.
Хусусан, “Ювентус” бош тренери Football Italiaга берган изоҳида эҳтиёткорлик билан “биз ўйинда фаворит эмасмиз” деди. Аллегри рақибга ҳурматини билдирган ҳолда “бизни Чемпионлар лигаси финалини икки марта ютиб олган ва тўртинчи финалда қатнашувчи жамоа кутмоқда”, дея қайд этди.
Шу билан бирга, “Реал” бош тренери ОАВга “Ювентус” мудофаада кучли, биз эса хужумда ёмон ҳаракат қилмаймиз, деб айтиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, бу ҳол финалга таалуқли эмас. “Бизни башорат қилиш қийин бўлган 90 дақиқа кутмоқда. Жорий йилда Кардиффда Европанинг икки энг яхши жамоаси учрашади. Бизни ажойиб ўйин кутаяпти, деб ўйлайман”, - деди Зидан.
Бундан қуйидаги хулоса чиқариш мумкин: “Реал” ташаббусни ўз қўлига олиб, бутун кучини Жанлуиджи Буффон дарвозасига қаратади, “Ювентус” эса мудофаага эътибор қаратиб, бахтини қарши хужумлардан қидиради.
Эслатиб ўтамизки, “Реал” ва “Ювентус” жамоалари ўртасидаги 2017 йилги Чемпионлар лигасининг финали 3 июнда Кардиффдаги (Уэльс) “Миллениум” стадионида бўлиб ўтади.