Ўзмиллийбанк фоизларсиз QIWI пул ўтказмалари тизимини йўлга қўйди

Дата: 16:17, 07-12-2017.

Тошкент. 7 декабр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки фоизларсиз QIWI пул ўтказмалари тизимини йўлга қўйди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“QIWI пул ўтказмалари Россия Федерацияси ҳудудидан туриб Ўзбекистон Республикаси фуқаролари номига Ўзмиллийбанкнинг исталган филиалида очилган UzCard пластик карталари орқали амалга оширилади. Пул ўтказмасини ўтказиш учун жўнатувчига фақат олувчининг сўм пластик картаси устида ёзилган 16 хонали рақамни билиш кифоя”, - дейилади Ўзмиллийбанк матбуот хизмати хабарида.

Айни пайтда пул ўтказмасини олувчи ўзининг сўм картасига бир марта валюта ҳисоб рақами очиши зарур бўлади. Жўнатилган россия рубллари олувчи карточкасига келиб тушади ва автомат равишда АҚШ долларига конвертация қилинади.

Келиб тушган маблағни нақд кўринишда чекловларсиз олиш мумкин. Бунда ўтказиш ва пластик картадан ечиб олиш фоизи 0%га тенг.

Эслатиб ўтамизки, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки мамлакатнинг биринчи раҳбари И. Каримов қарори билан 1991 йил сентябрда ташкил этилган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: