Зокиржон Алматов ички ишлар вазирининг маслаҳатчиси этиб тайинланди

Дата: 16:00, 28-02-2018.

Тошкент. 28 феврал. ЎзТАГ – Ўзбекистон ИИВда ички ишлар вазирининг маслаҳатчиси лавозими жорий этилиб, унга Зокиржон Алматов тайинланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси хабар қилмоқда.

“Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори билан ички ишлар органларида ёш кадрлар салоҳиятини ошириш тизимини яратиш, уларнинг касбий маҳоратини юксалтириш учун ҳурмат ва обрўга эга бўлган ходимларнинг ички ишлар органларидаги бой амалий тажрибасидан фойдаланиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг маслаҳатчиси лавозими киритилди.

Ушбу лавозимга Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг буйруғи билан ҳаётий бой тажрибага эга, кўп йиллар давомида республикамизда жиноятчиликнинг олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш, мамлакатда тинчлик ва осойишталикни таъминлашга катта ҳисса қўшган Закиржон Алматов тайинланди”, - дейилади хабарда.

27 февралда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири, генерал-майор Пўлат Бобожонов буйруқ билан шахсий таркибни таништирди.

“Генерал-полковник Закиржон Алматов 1991-2006 йилларда Ички ишлар вазири лавозимида ишлаб, бир қанча ходимларга устозлик қилиб, нафақага кузатилган эди”, - деб таъкидланади хабарда.

Сурат манбаи: https://rus.ozodlik.org/a/29065446.html

Янгилик билан ўртоқлашиш: