ЎзРТХАБ савдолар ҳажми рекорд натижага яқинлашди

Дата: 17:13, 21-08-2014.

Тошкент. 21 август. ЎзТАГ – Жорий йилнинг 11-17 августида Ўзбек Республика товар хом-ашё биржасида (ЎзРТХАБ) ҳафталик савдолар ҳажми йил бошидан бери рекорд кузатилган натижага яқинлашиб, 213,7 млрд сўмни ташкил қилди, дея хабар қилади Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Биржадан хабар қилишларича, биржа савдолари ҳажми 10% ўсиб, 173,1 млрд сўмга етган. Айниқса, чорвачилик озуқалари ва нефт маҳсулотлари сотуви ҳажмлари 2 баравардан зиёдга ўсди.

Экспортга келсак, валюта савдо майдончасида тузилган битимлар миқдори пасайганига қарамасдан, юқорилигича қолмоқда. Бу ерда $4,6 млнлик товарлар сотилди ва асосан полиэтилен (54%) ва нефт мойлари савдосига (45%) тўғри келди.

Кўргазма-ярмарка савдолари ҳажми ўтган ҳафта ошиб, 18,4 млрддан 24,9 млрд сўмга етди. Савдо иштирокчилари сони эса 219 ташкилотгача ошди.

Энг харидорталаб маҳсулотлар рўйхатини металлургия маҳсулотлари 7 млрд сўм савдолар билан эгаллаб турибди. Иккинчи ўринда машинасозлик маҳсулотлари (5,3 млрд сўм).

Етакчилар учлигида қурилиш материаллари ҳам бўлиб, унга доир сотувлар 1,1 млрддан 2,7 млрд сўмга қадар ошди.

Электрон аукцион савдолари тизимида тузилган битимлар ҳажми 4,4% пасайиб, 8,9 млрд сўмга тенг бўлди.

Ўз навбатида, корпоратив харидлар ҳажми 8,2 млрд сўмдан 6,7 млрд сўмгача пасайди.

$1 = 2344,38 сўм.

Янгилик билан ўртоқлашиш: