ЎзРТХАБ савдоларнинг умумий ҳажми учдан бирга ошиб, 121,8 млрд сўмни ташкил қилди

Дата: 15:29, 16-01-2015.

Тошкент. 16 январ. ЎзТАГ – Ўзбек республика товар-хом ашё биржасидаги (ЎзРТХАБ) савдоларнинг умумий ҳажми 34,2% ошиб, 2014 йил 29 декабр 2015 йил 2 январдаги 90,7 млрд. сўмдан жорий йилнинг 5-11 январида 121,8 млрд. сўмни ташкил қилди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

ЎзРТХАБ матбуот хизмати маълумотларига кўра, биржа савдоларида тузилган битимлар ҳажми 43,3% ўсиб, 106,4 млрд сўмга етди. Биржа савдолари товар таркибида қурилиш материаллари улуши 27%дан 41%га қадар ошди. Суюлтирилган газ ва полиэтиленнинг ялпи улуши 18%дан 29%га қадар кўпайди. Валюта савдо майдончасида “Shortan Gaz Mahsulot” ҚК томонидан 1,98 минг тонна суюлтирилган газ $892,6 мингга сотилди.

Кўргазма-ярмарка савдоларидаги савдолар ҳажми 30,8%га ошиб, 7,3 млрд. сўмни ташкил қилди. Кичик бизнес томонидан 5,7 млрд сўмлик маҳсулот сотилди. Товарлар таркибида қора металлургия маҳсулотлари (4,5 млрд сўмлик), полимер ва пластмассалар гуруҳи (459,2 млн сўм), енгил саноат маҳсулотлари (450 млн сўм) етакчилик қилмоқда.

Ўтган ҳафта давлат харидлари бўйича электрон савдолар ҳажми 11,6%га пасайиб, 3,9 млрд сўмга тушди. Натижада 819,2 млн сўм бюджет маблағлари тежалди.

Корпоратив харидлар платформасида 4,1 млрд смлик 189 битим тузилди (-36%). Бу орқали буюртмачиларнинг 1 млрд сўмдан ошиқ маблағи тежалди. Тузилган битимлар ҳажмида кичик бизнес улуши 89%дан 99%га қадар ошди. Ҳудудлар жиҳатидан Тошкент ва Тошкент вилояти улуши 51%дан 66%гача кўпайди. Кейинги ўринларда Қашқадарё ва Бухоро вилоятлари навбати билан 12% ва 5% улуш билан боришмоқда.

$1 = 2424,31 сўм

Янгилик билан ўртоқлашиш: