ЎзРТХАБ ўтган ҳафта 2% пасайиш билан ёпилди

Дата: 14:59, 15-05-2014.

Тошкент. 15 май. ЎзТАГ – Ўтган ҳафтада (5-11 май) Ўзбек Республика Товар-хом-ашё биржасининг барча савдо платформаларида тузилган жами битимлар ҳажми 139,7 млрд сўмни ($61,05 млн) ташкил этди. Бундан олдинги ҳафтада савдо ҳажми 142,8 млрд сўмга ($62,4 млн) тенг бўлган эди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Биржа савдолари ва корпоратив харидлар бўйича барча платформаларда ўсиш кузатилди. 108,4 млрд сўмлик ($47,37 млн) биржа товарлари сотилди. Умумий савдо ҳажмида рангли металлар улуши 21%, суюлтирилган газ ва полиэтилен улуши 22%гача ўсди. Озиқ-овқат маҳсулотлари улуши 26 фоиздан 11 фоизгача пасайди. Экспорт битимлари ҳажми $3,8 млндан $1,5 млнгача пасайди. Бундан 76% саноат мойлари улушидир.
Кўргазма-ярмарка савдолари 12% пасайиб, 15,8 млрд сўмга ($6,9 млн) тенг бўлди. Республика ичида амалга ошириладиган савдолар миқдори 12,3 млрд сўмни ташкил этди. Хусусан, кичик бизнес субъектлари 11,6 млрд сўмлик маҳсулот сотди. Бунда металлургия (7,1 млрд сўм), машинасозлик маҳсулотлари (4,6 млрд сўм), полимер ва пластмассалар гуруҳи (1 млрд сўм) етакчилардан бўлди.
Корпоратив харидлар ҳажми ўтган ҳафтада 6,7 млрд сўмни ($2,93 млн) ташкил қилди ва бу орқали 1,6 млрд сўм тежаб қолинди. Ҳафтанинг 219,8 млн сўмлик энг йирик битими Бухоро вилоятида тузилди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: