ЎзРТХАБда ҳафталик битимлар ҳажми 2% ўсиб, 167,5 млрд сўмга етди
Тошкент. 18 декабр. ЎзТАГ – Жорий йилнинг 8-14 декабр кунлари Ўзбек Республика товар-хом ашё биржасида (ЎзРТХАБ) ҳафталик савдолар ҳажми 167,5 млрд сўмни ташкил қилиб, ўтган ҳафтадагига солиштирганда 2% кўпайди (164,2 млрд сўм), дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Биржа бозорида тузилган битимлар ҳажми 130,9 млрд сўмдан 133,3 млрд сўмга қадар кўпайди. Ўсиш асосан озиқ-овқат товарлари ҳисобига бўлиб, уларнинг бозордаги улуши 13 фоиздан 25 фоизга қадар ўсди. Шунингдек, нефть ва кимё маҳсулотлари сегментида ҳам ўсиш динамикаси кузатилди. Рангли металллар улуши, аксинча, 18%дан 10%га қадар пасайди.
Валюта савдо майдончасида бошқача вазият юзага келмоқда. Бу ерда экспортга чиқарилган биржа товарлари ҳажми $1,5 млндан $785,5 минггача пасайди. Шўртан ГКМ қиймати $722,5 минглик (92%) 550 тонна полиэтиленни, Фарғона НҚИЗ қиймати $63 минглик (8%) 60 тонна мотор мойларини экспортга сотди.
Кўргазма-ярмарка савдолари тизимида тузилган битимлар суммаси 11,7% ўсиб, 18,4 млрд сўмга етди. Шу билан бирга савдо иштирокчилари сони ошгани ва улар орасидатузилган битимлар кўпайгани қайд этилди. Ўз навбатида экспорт суммасининг 2,2 млрд сўмгача пасайиши 16%га ошган ички республика битимлари билан қопланди.
Ҳафта якунлари бўйича машинасозлик маҳсулотлари сотувлари ҳажми 6,8 млрд сўмга етиб, сотилган товарлар орасида энг яхши кўрсаткичга айланди. Металлургия маҳсулотлари улуши ушбу рейтингнинг иккинчи поғонасига тушди – 3,1 млрд сўм. Қурилиш материаллари гуруҳи 1,2 млрд сўмлик натижа билан етакчи учликка якун ясади.
Давлат харидлари бўйича аукцион савдолари ҳажми деярли ўзгаришсиз қолиб 10,1 млрд сўмни ташкил этди. Айни пайтда савдо иштирокчилари сони 3,689 мингдан 3,572 мингтагача қисқарди. Шу билан бирга бюджет маблағларини тежаш суммалари аксинча 2,5 млрддан 3,1 млрд сўмга қадар кўпайди. Бу савдоларнинг самарадорлигидан далолат беради. Тузилган битимлар ҳажмида кичик бизнес улуши 98% ташкил қилди.
Корпоратив харидлар бўйича 5,7 млрд сўмлик 284 битим тузилди (-15%). Натижада буюртмачиларнинг 1,2 млрд сўм маблағи тежаб қолинди (харидлар бошланғич қийматининг 17,4%. Битимлар ҳажмида кичик бизнес субъектлари улуши 96%дан 92%га қадар пасайди.
Бошланғич нархларни пасайтиришга қаратилган аукцион савдолари доирасида ҳар бир буюртма бўйича етказиб беручилардан ўртача 5 ва ундан ошиқ таклифлар тушди. Бир буюртмага тўғри келган максимал таклифлар сони 26тани ташкил этди. Тузилган битимлар орасида товарлар улуши 86%, ўз навбатида, иш ва хизматлар ялпи улуши 14% ташкил қилди.
Ҳудудий кесимда Тошкент ва Тошкент вилояти улуши 53% тенг бўлди. Кейинги ўринларда, анъанага кўра, Бухоро ва Қашқадарё вилоятлари навбати билан 11% ва 8% улушлар билан бормоқда.
$1 = 2413,96 сўм