ЎзРТХБ битимлар ҳажми деярли 40% ўсди

Дата: 11:21, 15-11-2016.

Тошкент. 15 ноябр. ЎзТАГ – Октябрда Ўзбек Республика товар хом-ашё биржасида  (ЎзРТХБ) тузилган битимларнинг умумий ҳажми 1,1 трлн сўмни ташкил қилиб, 2015 йилнинг муқобил давридагига солиштирганда 37,8%га кўпайди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).  

ЎзРТХБ маълумотларига кўра, биржа савдолари орқали 846,8 млрд сўмлик товарлар сотилган. Кескин ўсиш ҳолатлари рангли металл ва полиэтилен бозорларида қайд этилди. Бироқ уларнинг биржа бозоридаги улушлари минимал даражада сақланди. Етакчи гуруҳларга кирган қурилиш моллари ва озиқ-овқат маҳсулотларининг умумий улушлари ўтган йилга нисбатан 2%га ўсиб, 83%ни ташкил этди. Полипропиленнинг ҳиссаси 1% атрофида қайд этилди.

Валюта савдо майдончаси орқали $7,1 млнлик биржа товарлари сотилди.

Октябрда тадбиркорлар биржа орқали 505 млрд сўмлик товар ресурсларини харид қилдилар (+22,7%). Бундан ташқари улар томонидан биржа орқали сотилган маҳсулотларнинг ҳажми 186,6 млрд сўмга тенг бўлди. Тузилган битимларда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг улушлари 64%ни ташкил этди.

Ўтган давр мобайнида ярмарка савдоларининг ҳажми 129 млрд сўмга етди.

Кўриб чиқилаётган давр ичида давлат харидлари (“D-xarid”) тизимида 68,5 млрд сўмлик битимлар тузилди (+14,3%). Давлат харидлари тизимида маҳсулот етказиб бериш бўйича кичик бизнес субъектларининг улуши умумий битимлар сони ва ҳажмиларидан 99% ни ташкил этди. Таҳлил этилаётган даврда электрон каталогда тузилган битимларнинг ҳажми 7,9% га ўсиб, 5,8 млрд сўмни ташкил этди. Шунга ўхшаш ҳолат “E-xarid” корпоратив харидлар тизимида ҳам қайд этилди ва унинг ҳажми 29,4%га, яъни 28,3 млрд сўмдан 36,6 млрд сўмгача кўтарилди.  

Янгилик билан ўртоқлашиш: