ЎзРТХБ кўмир сотилиши ҳажми 22% ўсди
Тошкент. 27 феврал. ЎзТАГ – 2016 йилда Ўзбекистон республика товар хом-ашё биржаси (ЎзРТХБ) савдоларида кўмир сотиш ҳажми 91 минг тоннага етиб, бу 2015 йилнинг муқобил давридагига нисбатан 22%га кўпдир, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Шу билан бирга кўмирнинг барча маркаларини ўртача ойлик сотиш ҳажмлари 7,6 минг тоннани ташкил этди, деб хабар қилади ЎзРТХБ. 2016 йилда БОМСШ маркали кўмирнинг нархи бир тоннаси учун 109,3 минг сўмдан 105,1 минг сўмгача, БР маркали кўмирнинг 109,3 минг сўмдан 91,2 минг сўмгача пасайди. Савдо иштирокчиларининг фикрича, нархларнинг пасайишига биржа савдоларига қўйилаётган товар ҳажмини босқичма-босқич ўсиши ўз ижобий таъсирини ўтказди.
Сезиларли ўзгаришлар ҳудудлар кесимида кўмирни сотиб олиш таркибий тузилмасида ҳам кузатилди. Хусусан, Тошкент ҳудуди ўтган йили ўз етакчилик позициясини 13%га ошириб, биржанинг кўмир бозорининг 46%ни эгаллади. Кейинги ўринларни Қашқадарё ва Самарқанд вилоятлари эгаллашди ва уларнинг улушлари мос тарзда 18% ва 14%ларни ташкил қилди. Хоразм вилояти харидорларининг фаоллашуви натижасида унинг ҳиссаси 2015 йилга нисбатан 5%дан 8%гача ошди.
Жорий йилга тўхталадиган бўлсак, 2017 йилнинг бошидан бери биржа савдолари орқали 10,5 минг тонна кўмир сотилиб, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 6,4га кўпдир.
“Ўзбеккўмир” АЖ маълумотларига кўра 2016 йилда очиқ усул билан 3,6 млн тонна кўмир қазиб олиниб, уларнинг 85% энергетика соҳасига сарфланди. Корхона томонидан берилган прогнозларга кўра 2017 йилда ушбу кўрсаткич 3,72 млн тоннага, 2019 йилда 3,97 млн тоннага, 2021 йилда 4,17 млн тоннагача етказилади.