ЎзРТХБ Минскда савдо майдончасини очди

Дата: 11:30, 13-12-2018.

Тошкент. 13 декабр. ЎзТАГ – “Ўзбек республика товар хом-ашё биржаси АЖ” (ЎзРТХБ) Минскда (Беларусь) савдо майдончасини очди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

ЎзРТХБ ахборот хизматининг маълум қилишича, “Беларусь универсал товар биржаси" ОАЖ негизидаги янги майдончанинг тантанали очилиш маросими 11 декабрда бўлиб ўтди.

Савдо майдончасининг расмий очилиш маросимида “ЎзРТХБ” АЖ ва “БУТБ” ОАЖ раҳбарлари, Ўзбекистоннинг Беларусьдаги элчихона вакиллари, Беларусь савдо-саноат палатаси, брокерлик идоралари, трейдерлар ва журналистлар иштирок этди.

“Беларусь Республикасида “ЎзРТХБ” АЖнинг савдо майдончаси очилишидан кўзланган асосий мақсад, биржа савдоларининг бозор механизми имкониятларидан фойдаланган ҳолда тадбиркорлар ва тоқар ишлаб чиқарувчиларининг икки давлат товар бозорларида эркин иштирок этишларини таъминлашдир. Буни амалга ошириш мақсадида Беларусь биржасининг “Латэмгрупп” МЧЖ брокерлик идораси “ЎзРТХБ” АЖда ва Ўзбекистон биржасининг “Global Trade Group” МЧЖ брокери “БУТБ” ОАЖда аккредитациядан ўтказилган”, - дейилади хабарда.

Қайд этилишича, бошланишида биржа савдолари орқали маҳаллий юқори ликвидли товарларни сотиш кўзда тутилган, хусусан, пахта толаси, пахта момиғи ва қуруқ мевалар, шунингдек, Беларусьнинг саноат ва озиқ-овқат маҳсулотларини Ўзбекистонга импорт қилиш мўлжалланган. Беларусьнинг енгил ва озиқ-овқат саноати корхоналари томонидан савдо майдончасига қизиқиш билдирилди. Яқин келажакда “ЎзРТХБ” АЖнинг янги хориж савдо майдончаси орқали сотиладиган товарлар қаторини кенгайтириш кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йил ноябр ойи бошида “ЎзРТХБ” АЖнинг шу каби савдо майдончаси Олма-ота шаҳрида (Қозоғистон) ҳам очилган эди.

 

Сурат манбаи: http://gtn.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: