ЎзРТХБда битимлар сони 21,2% ўсди
Тошкент. 27 июл. ЎзТАГ – 2017 йилнинг биринчи ярмида “Ўзбек республика товар хом-ашё биржаси” (ЎзРТХБ) АЖда 6,9 трлн сўмлик битимлар тузилиб, бу ўтган йилнинг мос даври билан солиштирганда 21,2%га кўпдир, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) биржа маълумотларига асосланган ҳолда.
Ижобий динамика биржанинг барча савдо платформаларида сақланиб қолди. Хусусан, биржа савдо битимларининг ҳажми 5,4 трлн сўмга етди (+20,6%). Бунда бир қатор товар позициялари бўйича натурал кўринишда ўсиш кузатилди, шу жумладан кўмир бўйича 75%га, автомобиль бензини – 36%га, алюминий – 26%га, пахта шроти – 21%га, буғдой уни – 12%га ўсди.
Шунингдек, ҳисобот даврида 820 та стандарт биржа шартномалари, шу жумладан фосфат кальция, қайта ишланган мой, метилацетат, доломит бўлаклари ва аммиакли кальций селитраси каби янги товар позициялар бўйича очилди. Сотилган товарлар таркибининг катта қисмини қурилиш моллари – 29%, озиқ-овқат маҳсулотлари – 20%, қора ва рангли металлар – 17% билан эгаллашди.
Хусусан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари иштироки билан тузилган битимларнинг умумий қиймати ўтган йилнинг биринчи ярмига нисбатан 15%га ўсиб, 4,7 трлн сўмни ташкил этди. Яъни тадбиркорлар биржа орқали 3,2 трлн сўмлик товар ресурсларини харид қилиб, 1,5 трлн сўмлик маҳсулот сотдилар (+16%). Биржа савдоларида соф бозор нархларини шаклланиши эвазига сотувчи корхоналар 2 трлн сўмлик қўшимча даромад олишди (+17%).


