ЎзРТХБда савдоларнинг умумий ҳажми 1,2 трлн сўмни ташкил қилди
Тошкент. 8 июн. ЎзТАГ – Жорий йилнинг май ойида Ўзбек республика товар хом-ашё биржасининг (ЎзРТХБ) электрон савдоларида тузилган битимларнинг умумий ҳажми 2016 йилнинг мос даври билан солиштирганда 12,1%га ўсиб, 1,2 трлн сўмни ташкил этди, деб хабар беради ЎзРТХБ матбуот хизмати.
Хусусан, биржа савдолари орқали сотилган товарларнинг умумий ҳажми ўтган йилнинг майидаги 801,4 млрд сўмга нисбатан 883,3 млрд сўмгача ўсди. Сотилган товарларнинг таркибида кичик ўзгаришлар кузатилди. Озиқ-овқат маҳсулотларининг улуши 17%дан 18%гача, уларни сотиш ҳажми эса 16%га ўсди. Полиэтиленнинг ҳиссаси аксинча 4%га қисқариб, 5%ни ташкил этди. Бошқа товар гуруҳлари биржа бозорида ўтган йилга мос улушларини сақлаб қолишди.
Валюта савдо майдончасида тузилган экспорт битимларининг ҳажми $2,4 млнни ташкил этди. Экспорт сотувларининг катта қисмини 88% улуш билан полиэтилен эгаллади. Рангли металлар ва полипропилен тенг улушга яъни 4%га эга бўлишди. Экспорт бозорининг қолган қисми техник мойлар ва кимё маҳсулотларини сотиш бўйича тузилган битимларга тўғри келди.