ЎзРТСБ мобиль илова орқали янги мижозлар жалб қилмоқда

Дата: 18:20, 02-06-2017.

Тошкент. 2 июн. ЎзТАГ – “ЎзРТХБ” АЖ мобиль иловаларнинг оммавийлашуви тенденциясини инобатга олган ҳолда, электрон савдо иштирокчилари учун қўшимча қулайликлар яратиш ва янги мижозларни жалб қилиш ишларини фаол олиб бормоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Хусусан, электрон давлат харидлар тизимида етказиб берувчилар сонини кўпайтириш мақсадида Google Play электрон иловалар дўконида биржанинг навбатдаги “D-Xarid” мобиль иловаси жойлаштирилди.

Биржанинг янги иловаси давлат харидлари бўйича ўтказиладиган электрон савдоларида иштирок этувчи ҳам буюртмачи, ҳам етказиб берувчилар учун бир қатор имкониятлар тақдим этмоқда. Хусусан, буюртмачи иловани ўзининг мобиль ускунасига ўрнатиб, унинг электрон буюртмаларига келиб тушаётган таклифлар тўғрисида хабарларни тезкор равишда олиши мумкин. Шунингдек мобиль ёрдамчи тузилган битимлар ва ҳисоб рақамдаги ҳолатлар тўғрисида маълумотлар акс эттирилган шахсий кабинетдан фойдаланиш имконини беради.

Ўз навбатида етказиб берувчилар телефондаги янги иловадан фойдаланган ҳолда электрон аукционларда иштирок этишлари мумкин. Электрон давлат харидлари тизимида рақобатни кенгайиши харидлар баҳосини пасайиши ва шу билан бюджет маблағларини янада кўпрок тежалишини таъминлайди. Шунга ўхшаш илова яқин келажакда электрон корпоратив харидлар тизимида ҳам жорий этилиши режалаштирилган.

Бундан ташқари, мақсадли аудиторияни янада кенгайтириш мақсадида биржа мутахассислари IOS базасида “UZEX” мобиль иловасини ишлаб чиқиб, жорий этдилар. Эндиликда Apple маҳсулот фойдаланувчилари ҳам янги илова ёрдамида биржа савдоларига қўйилаётган товарлар тўғрисида маълумотларни ўз вақтида олишлари, ҳамда ўзини қизиқтираётган биржа шартномаларига обуна бўлишлари мумкин. Илова товар юкланганлиги ёки битим бекор қилинганлиги маълум қилинади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: