ЎзТАГ таъбирида 2016 йилнинг 10 асосий воқеаси

Дата: 12:28, 20-12-2016.

Тошкент. 20 декабр. ЎзТАГ – Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) 2016 йилнинг 10 асосий воқеаларини аниқлаб чиқди.

 

1. Ўзбекистон МБ миллий валютанинг АҚШ долларига нисбатан қадрсизланишини секинлаштирди


Ўзбекистон Марказий банки 2016 йил 5 январдан бошлаб миллий валютанинг АҚШ долларига нисбатан қадрсизланишини 2 баравардан кўп – 6,49 сўмга секинлаштириб, 1$ эвазига 2816,47 сўм миқдорида белгилади.

Бундан илгари, 2015 йилнинг 4 октябридан 29 декабригача банк назоратчиси сўм қадрирни 14 ва 15 сўм ўртасида пасайтириб бораётган эди.


2. ШҲТнинг Тошкентдаги юбилей саммити


23-24 июнда Тошкентда Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов раислигида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг (ШҲТ) 15-саммити бўлиб ўтди. Ҳиндистон ва Покистоннинг аъзолигини расмийлаштириш, ташкилотга Эроннинг кириш истиқболлари саммитнинг асосий мавзулари бўлди.

Тадбир якунида ШҲТ раислиги Қозоғистонга ўтди. Ташкилот аъзолари етакчилари ШҲТ 15 йиллиги муносабати билан Тошкент декларацияси ва 2020 йилгача ҳаракатлар режасини имзоладилар.


3. Рио-де-Жанейродаги Олимпиа ўйинлари


5-21 август кунлари бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида XXXI ёзги Олимпиа ўйинлари бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон термаси дунёнинг 207 давлати орасида 21-ўринни ва МДҲ мамлакатлари орасида 2-ўринни эгаллади. Ўзбек термаси жами 13 медал: 4 олтин, 2 кумуш ва 7 бронза совринни қўлга киритди.


4. Ўзбекистон мустақиллигининг 25 йиллиги байрам қилиниши


1 сентябрда Ўзбекистонда республика мустақиллигининг 25 йиллиги нишонланди. Президент Ислом Каримов халқни, Рио-де-Жанейро Олимпиадасида ғалаба қилган спортчиларни мустақиллик байрами билан табриклади. Давлат раҳбари ўзбекистонликларга тинчлик ва фаровонлик, шунингдек, мусаффо осмон тилади.


5. Ислом Каримовнинг вафоти


2 сентябрда Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов 78 ёшида миясига қон қуйилиши оқибатида вафот этди. Уни дафн қилиш маросими 3 сентябрда Самарқандда бўлиб ўтди.

8 сентябрда Қонунчилик палатаси ва Олий Мажлис Сенатининг қўшма мажлисида Ўзбекистон президенти вазифасини бажариш бош вазир Шавкат Мирзиёев зиммасига юкланди.


6. Ўзбекистон МБ миллий валютани АҚШ долларига нисбатан қадрсизлантириш тамойилига қайтди


4 октябрда Ўзбекистон МБ миллий валютани АҚШ долларига нисбатан қадрсизлантириш тамойилига қайтди: агар 5 январдан миллий валюта 6,49 сўмга (1$ эвазига 2816,47 сўм) пасайган бўлса, 4 октябрдан 18,27 сўмга (1$ эвазига 3028,47 сўм) туша бошлади.

Эслатиб ўтамизки, сўмнинг долларга нисбатан кучсизланиши тамойили 2015 йил 6 октябрдан қайд этилган эди. Масалан, 22 сентябрда $1 2615,91 сўм турган бўлса (+5,02 сўм), 29 сентябрда 2621 сўм (+5,09), 6 октябрдан 2635,08 сўмга (+14,08) тенглашди. Бу ҳол 2015 йил 29 декабргача давом этди.

Лекин Ўзбекистон Марказий банки 2016 йил 5 январдан бошлаб миллий валютанинг АҚШ долларига нисбатан қадрсизланишини 2 баравардан кўпга секинлаштирди. Агар 2015 йил 29 декабрда $1 2809,98 сўм турган бўлса (+15 сўм), 2016 йил 5 январдан 2816,47 сўмга тенглашди (+6,49). Ушбу тамойил 2016 йил 27 сентябргача давом қилди.


7. ИҲТ ташқи ишлар вазирлари сессияси


18-19 октябрда Тошкентда Ислом ҳамкорлик ташкилоти ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессияси бўлиб ўтди. Тошкент сессияси Ўзбекистоннинг ташкилотдаги расмий раислигини бошлаб берди. Раислик 2017 йилдаги кейинги йиғилишгача давом этади.

Сессия якунлари бўйича Тошкент декларацияси қабул қилинди.

 

8. Туркия президентининг Ўзбекистонга ташрифи

 

17-18 ноябрда Туркия президенти Режеп Тайип Эрдўғаннинг Ўзбекистонга сўнгги 13 йилдаги биринчи ташрифи бўлиб ўтди. У Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов қабрини зиёрат қилди. Шунингдек, турк давлати раҳбари мамлакат президенти вазифасини вақтинчалик бажарувчи Шавкат Мирзиёев билан музокаралар ўтказди.


9. Навбатдан ташқари Ўзбекистон президенти сайловлари


4 декабрда навбатдан ташқари Ўзбекистон президенти сайловлари бўлиб ўтди. Унда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либераль-демократик партиясидан (ЎзЛиДеп) номзод Шавкат Мирзиёев ғалаба қозонди. 86,61% сайловчилар ушбу номзодга овоз бердилар. Сайловда давомат 87,73% ташкил қилди.

Ш.Мирзиёев 14 декабрда Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида ўзбек халқига қасамёд қилиб, президентликка киришди.


10. 2017 йил – “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”


Президент Шавкат Мирзиёев 7 декабрда “Ўзбекистон” форумлар саройида бўлиб ўтган мамлакат Конституциясининг 24 йиллигига бағишланган тантанали йиғилишда 2017 йилни “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб аташни таклиф қилди. Йиғилганлар ушбу таклифни қўллаб-қувватладилар.

Янгилик билан ўртоқлашиш: