123

Ўзбекистон президенти “Лукойл” нефть компанияси президентини қабул қилди

Дата: 12:57, 11-11-2015.

Тошкент. 11 ноябр. ЎзТАГ – Кеча Ўзбекистон Республикаси президенти Ислом Каримов Оқсарой қароргоҳида “Лукойл” нефть компанияси президенти Вагит Алекперовни қабул қилди, деб хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Давлат раҳбари меҳмонни қутлаб, Ўзбекистон нефть-газ тармоғида қўшма лойиҳаларни амалга оширишда ушбу компания фаол иш юритаётганини таъкидлади.

“Бугунги кунда “Лукойл” Ҳавзак, Шоди, Қўнғирот конлари ва Қандим конлар гуруҳи каби истиқболли газ конларини ўрганиш ва ўзлаштириш, Жануби-ғарбий Ҳисор ва Устюрт минтақасидаги нефть-газ участкаларини ўрганиш бўйича инвестициявий лойиҳаларни амалга оширмоқда. Ҳамкорликдаги геология-қидирув ишлари доирасида Орол денгизи акваториясининг Ўзбекистон қисмида истиқболли углеводород конлари топилди. Компаниянинг мамлакатимиздаги лойиҳаларни амалга оширишга йўналтирган жами инвестициялари ҳажми $5 млрддан ошди”, - дейилади хабарда.

“Лукойл” ҳозирда энг илғор технологияларга асосланган Қандим газни қайта ишлаш заводи қурилишига киришди. Бу замонавий завод йилига 8 млрд куб метр табиий газни чуқур қайта ишлаш қувватига эга бўлади”, - деб таъкидланади хабарда.

Учрашувда В.Алекперов 2018 йилда фойдаланишга топширилиши мўлжалланган ушбу лойиҳа Ўзбекистон саноатини янада ривожлантириш ва кенгайтиришга қаратилган 2015-2019 йилларда иқтисодиётни янада ислоҳ қилиш, таркибий ўзгартириш ва диверсификациялаш дастури доирасида амалга оширилаётганини таъкидлади.

Шунингдек, у “Лукойл” компанияси Ўзбекистон нефть-газ тармоғидаги инвестициявий лойиҳалар доирасида қабул қилган барча мажбуриятларини тўла ва ўз вақтида бажаришини қайд этди.

Мулоқот доирасида жаҳон ва минтақа углеводород хомашёси бозоридаги бугунги вазият юзасидан фикр алмашилди, узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг асосий истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: