123

Ўзбекистон президенти Орол денгизининг асосий муаммоларини айтиб ўтди

Дата: 13:20, 30-10-2014.

Тошкент. 30 октябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти Орол денгизининг асосий муаммоларини санаб ўтди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) давлат раҳбарининг “Орол денгизи минтақасидаги экологик офат оқибатларини юмшатиш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш” халқаро конференцияси иштирокчиларига мурожаатига асосланган ҳолда.

“Яқин-яқин вақтларгача Орол денгизи Марказий Осиё иқтисодиётини ривожлантириш, озиқ-овқат ишлаб чиқариш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва барқарор ижтимоий инфратузилмани шакллантиришда муҳим ўрин тутар эди. Оролбўйи сув ҳавзаларида йилига 35 минг тоннагача балиқ овланар, Амударё ва Сирдарё дельталаридаги унумдор ерлар, юқори самарали яйлов ва сув ҳавзалари миллионлаб одамларнинг чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида иш билан бандлигини таъминлар эди”, - дейилади мурожаатда.

Каримовнинг сўзларига кўра, “Бироқ минтақадаги йирик дарёларда ўйламасдан улкан гидротехник иншоотлар қурилгани, трансчегаравий дарёлар ҳисобланган Амударё ва Сирдарёнинг табиий оқими нотўғри бошқарилиши энг янги тарихда Ер юзидаги ғоят оғир экологик ҳалокатлардан бирини юзага келтирди”. “Бир пайтлар дунёдаги энг ноёб, гўзал ва йирик ёпиқ сув ҳавзаларидан бири бўлган Орол денгизи бир авлод кўз ўнгида батамом йўқ бўлиб кетиш хавфи остида турибди. Бу эса минтақада мисли кўрилмаган офатга айланиб, Оролбўйида яшаётган аҳоли ҳаётига, бу ердаги экотизим ва биохилма-хилликка ўнглаб бўлмайдиган даражада зарар етказмоқда”, - деб қайд этди у.

Янгилик билан ўртоқлашиш: