123

Ўзбекистонда сенаторлар сайланмоқда

Дата: 11:57, 14-01-2015.

Тошкент. 14 январ. ЎзТАГ – Кеча ва бугун Ўзбекистонда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатларининг тегишли қўшма мажлисларида мамлакат Олий Мажлиси Сенати аъзоларининг сайлови бўлиб ўтмоқда, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Марказий сайлов комиссиясидан хабар қилишларича, сайловлар “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги Қонуннинг 52-моддасига мувофиқ ўтказилмоқда. Унга кўра, Сенат аъзолари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан тенг миқдорда – олти кишидан сайланади.

Олий Мажлис Сенатига сайлов Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатларининг тегишли қўшма мажлисларида мазкур депутатлар орасидан яширин овоз бериш йўли билан ўтказилади.

Кеча, 13 январда Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Тошкент, Фарғона, Хоразм, Қашқадарё вилоятларида давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатларининг қўшма мажлислари бўлиб ўтди.

Бугун, 14 январ куни Сенат аъзолари сайлови Андижон, Жиззах, Навоий, Сирдарё вилоятлари ва Тошкент шаҳрида бўлиб ўтади.

Давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатларининг қўшма мажлисларида Марказий сайлов комиссияси аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: