12 йилда Ўзбекистонда фойдага солинадиган солиқ ставкаси 6 бараварга пасайди

Дата: 15:54, 04-09-2016.

Тошкент. 4 сентябр. ЎзТАГ – 1994-2016 йилларда Ўзбекистонда фойдага солинадиган солиқ ставкаси 6 бараварга – 45%дан 7,5%гача пасайди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ушбу маълумотлар Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси раиси Ботир Парпиевнинг қўмита сайтидаги мақоласида келтирилган.

Унга кўра, ўтган муддатда қўшилган қиймат солиғи 30%дан 20%га ёки 1,5 баробар, кичик бизнес субектлари учун ягона солиқ тўлови 15,2%дан 5%гача, яъни 3 баробардан кўпроқ пасайган.

Солиқ имтиёзларининг берилиши натижасида 50 мингдан ортиқ корхоналар ихтиёрида йилига ўртача 9 трлн сўм пул маблағлари қолмоқда.

Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ставкаси ҳам босқичма-босқич пасайтирилди. Илгари мазкур солиқ олинган даромадга нисбатан етти поғонали шкала бўйича энг юқори ставка 60%да ҳисобланган ва ундирилган бўлса, бугунги кунда солиқ тўрт поғонали шкала асосида ундирилиб, энг юқори ставка 23%ни ташкил этаётир.

2015 йилдан бошлаб энг кам иш ҳақининг бир бараваригача миқдордаги даромадларга нисбатан “0” фоизли ставка жорий қилинди.

Бир вақтнинг ўзида хўжалик юритувчи субектлар учун меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги солиқ харажатлари ҳам пасайтирилди. Агар 1994 йилда иш берувчиларнинг мажбурий ижтимоий суғурта тизимига (Пенсия жамғармаси, Бандликка кўмаклашиш жамғармаси ва Касаба уюшмалари кенгашига) мажбурий ажратмалар меҳнатга ҳақ тўлаш фондидан 40%лик ставкада ҳисобланган бўлса, кейин у 25%гача пасайтирилиб, 2015 йилдан бошлаб микрофирмалар, кичик корхоналар ва фермер хўжаликлари учун 15%гача, яъни 2,6 баробар камайтирилди.

Натижада умумий солиқ юки ЯИМга нисбатан 20%гача тушишига эришилди, солиштириш учун, бугунги кунда солиқ юки даражаси Австрияда 43,4%, Туркияда 32,5%, Эстонияда 32,3% ва Қозоғистонда 26,8%ни ташкил этади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: