2007 йилдан бери Ўзбекистон суғурта бозори 5 бараварга ўсди, бу ўртача йилига 135% ўсиш демакдир

Дата: 09:43, 04-06-2014.

Тошкент. 4 июнт. ЎзТАГ – 2007 йилдан бери Ўзбекистон суғурта бозори 5 бараварга ўсди, бу, ўртача йилига 135% ўсиш демакдир, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Молия вазирлигидан хабар беришларича, суғурта компаниялари томонидан мамлакат иқтисодиётига киритилган инвестицияларнинг умумий ҳажми ўтган йилдаги кўрсаткичларга қараганда 20% ўсиб, 525 млрд сўмни ташкил қилди.
Бундан ташқари, суғуртачилар томонидан 338 млрд сўм суғурта мукофотлари йиғилди, бу 2012 йилдагига қараганда 32% кўпдир.
Шу билан бирга суғурта компанияларининг ялпи низом капитали ҳажми 2012 йилдагига нисбатан 26 млрд сўмга кўпайди. Айни пайтда бир суғуртачининг ўртача низом капитали ҳажми 4 млн евродан ошди (2013 йил бошида – 3,5 млн евро).
Барча турдаги суғурта турлари бўйича суғурта тўловлари ҳажми 67 млрд сўмдан ошиқни ташкил қилди, бу, 2007 йилдагига қараганда 8 баравар кўпдир.
Эслатиб ўтамизки, бугунда Ўзбекистонда 30 суғурта компанияси фаолият юритиб, уларда 4,1 минг киши меҳнат қилади. Суғурта компаниялари мамлакат бўйлаб 1 мингдан зиёд ҳудудий бўлинмалар ва 5,5 минг суғурта агентларига эга.

Янгилик билан ўртоқлашиш: