2016 йилда Ўзбекистонда қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми 6,6% ўсди

Дата: 12:13, 18-01-2017.

Тошкент. 18 январ. ЎзТАГ – Ўтган йилда Ўзбекистонда қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми 6,6% ўсди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалигининг Республика ялпи қўшилган қиймати таркибидаги улуши 17,6%ни ташкил этди. 2016 йилнинг январ-декабр ойларида республиканинг барча тоифадаги хўжаликларида 8,2 млн тонна дон экинлари ишлаб чиқарилиб, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 87,2 минг тоннага ёки 1,1%га кўпдир”, - деб таъкидланади Давлат статистика қўмитаси ахборот хизмати хабарида.

Республикада картошка ишлаб чиқариш 2,95 млн тонна (9,7%), сабзавотлар 11,2 млн тонна (11,3%), озиқбоп полиз 2 млн тоннадан зиёд (10,4%), мевалар ва резаворлар 3 млн тоннани (10,8%) ва узум 1,7 млн тоннани (9,9%) ташкил этди.

Чорвачилик соҳасининг ички имкониятларини ошириш бўйича чора-тадбирларнинг изчил амалга оширилиб борилаётганлиги, шунингдек уларга давлат томонидан тизимли ёрдам кўрсатилиб келинаётганлиги чорва моллари бош сонининг кўпайишига, ички истеъмол бозорларини чорвачилик маҳсулотлари билан тўлдиришга имкон яратди.

2016 йилда республиканинг барча тоифадаги хўжаликларида тирик вазнда 2,7 млн тонна гўшт ишлаб чиқарилди (+6,8%), 9,7 млн тонна сут (+7,5%), 6,1 млрд тухум (+10,6%) ишлаб чиқарилди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: