2017-2018 йилларда Бухорода 50 замонавий ва арзон кўпқаватли уйлар қурилади

Дата: 22:35, 15-03-2017.

Тошкент. 15 март. ЎзТАГ – 2017-2018 йилларда Бухорода 50 замонавий ва арзон кўпқаватли уйлар қурилади, жорий йилда уларнинг 6таси фойдаланишга топширилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев вилоятга қилган ташриф доирасида Бухоро шаҳрининг Ғиждувон, Баҳоуддин Нақшбанд, Ибн Сино, Навоий кўчаларида қурилаётган 50 кўпқаватли уй-жойлар билан танишди.

Давлат раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, Шавкат Мирзиёев янги уйларда барча ижтимоий-маиший шароитларни яратиш, уларни қуришда миллий ва замонавий архитектура талабларини, маҳаллий иқлимни ҳисобга олган ҳолда иш тутиш зарурлигини таъкидлади.

Бухоронинг маркзий кўчаларидан бири Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов номи билан аталгани таъкидланди. Ушбу кўча қиёфасини ўзгартириш лойиҳаси ишлаб чиқилгани айтиб ўтилди. Бу ерда қатор обиларни бунёд этиш режалаштирилмоқда.

Бухоро шаҳрида транспорт воситалари ва пиёдалар ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар режаси ҳам муҳокама этилди. Ушбу лойиҳага мувофиқ шаҳардаги халқа йўлларини такомиллаштириш, туманлардан вилоят марказига келувчи йўлларни, жумладан, айланма чорраҳаларни тартибга солиш мўлжалланмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: