2018 йил бошидан буён Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги товар айланмаси 20% кўпга ўсди

Дата: 08:48, 15-10-2018.

Тошкент. 15 октябр. ЎзТАГ – 2018 йил бошидан буён Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги товар айланмаси 20% кўпга ўсди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу ҳақида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Россия ҳукуматлараро комиссиясининг Россия томонидан раиси ўринбосари, Россия иқтисодий ривожланиш вазири Максим Орешкин билан 13 октябр кунги учрашувида сўз борди.

“Жорий йил бошидан буён товар айирбошлаш ҳажми 20 фоиздан ортиқ ошди. Харидоргир маҳсулотларни ўзаро етказиб беришни кўпайтириш, инфратузилмани ривожлантириш, иқтисодиётнинг турли тармоқларида кооперацияни кучайтириш ва истиқболли қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича ишлар олиб борилмоқда”, - дейилади Ўзбекистон президенти матбуот хизматининг хабарида.

Ш. Мирзиёев мамлакатлар ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари изчил ривожланиб бораётганини катта мамнуният билан қайд этди.

Кейинги йилда юқори даражада 80дан ортиқ ўзаро ташрифлар ташкил этилгани қайд этилди. Сентябр ойида икки давлат ҳукуматлари раҳбарлари раислигида Ҳукуматлараро комиссия мажлиси самарали ўтди. Кейинги ойларда мамлакатимиз ҳудудлари Россиянинг 28 субъекти билан шериклик муносабатларини йўлга қўйди.

“Яқин кунларда Тошкент шаҳрида икки томонлама муносабатлар тарихида илк бор Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари ҳамда олий таълим муассасалари ректорларининг форумлари бўлиб ўтади. Ушбу форумларда икки мамлакат ҳудудлари, компания ва корхоналари, олий ўқув юртлари раҳбарлари иштирок этади”, - дейилади хабарда.

Шунингдек, учрашувда Россия президентининг Ўзбекистонга бўлажак давлат ташрифи кун тартибидаги иқтисодий масалалар юзасидан фикр алмашилди.

М. Орешкин Ўзбекистон раҳбарига самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Россия Президенти Владимир Путин ҳамда ҳукумат раиси Дмитрий Медведевнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Бундан ташқари, мамлакатлар ўртасидаги кенг кўламли ва ўзаро манфаатли амалий ҳамкорликни ривожлантиришдан икки томон ҳам манфаатдор экани таъкидланди.

Сурат манбаи: http://www.press-service.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: