2018 йил октябрдан Самарқандда шошилинч тезкор хизматларнинг ягона рақами жорий этилади

Дата: 15:55, 11-12-2017.

Тошкент. 11 декабр. ЎзТАГ – 2018 йил октябрдан Самарқандда шошилинч тезкор хизматларнинг 112 ягона рақами жорий этиш бўйича синов лойиҳаси амалга оширилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ўзбекистон ҳукуматининг “Самарқанд шаҳрида шошилинч тезкор хизматларни 112 ягона рақами билан чақириш тизимини жорий этишни ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, тизим “Хавфсиз шаҳар” лойиҳаси доирасида амалга оширилади.

Шу билан бирга, шошилинч хизматларнинг муқобил телефон рақамларидан фойдаланиш имконияти сақлаб қолинади.

Таъкидланишича, янги тизим Самарқанд шаҳрининг шошилинч тезкор хизматлари  навбатчи-диспетчерлик бўлинмалари ўртасида маълумот алмашиниш бўйича яқиндан ҳамкорликни таъминлайди. У ёнғин хавфсизлиги, ички ишлар органлари, тез тиббий ёрдам хизматлари, газ тармоқлари авария хизматлари ва ФВВ қутқарув хизматларини ўзида бирлаштиради.

Ҳужжатга мувофиқ, тизимни синов тартибида ишга тушириш 2018 йил 1 октябрига мўлжалланган. Тизимнинг Самарқанддаги фаолияти таҳлили асосида 2019 йилда уни Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида ҳам жорий этиш бўйича таклифлар кўриб чиқилади.

 

Сурат манбаи: https://www.iamexpat.nl/expat-info/emergency-numbers/112-european-emergency-number

Янгилик билан ўртоқлашиш: