АҚШ араб мамлакатларига ракеталарга қарши мудофаани яратишга ёрдам беради

Дата: 12:51, 15-05-2015.

Тошкент. 15 май. ЎзТАГ – АҚШ Форс корфази мамлакатларига ракеталарга қарши мудофаани яратишга ёрдам беради. Ушбу тизим олдиндан огоҳлантириш имкониятига ҳам эга бўлади, деб хабар қилади Lenta.

Бу ҳақида Форс корфази араб мамлакатлари ҳамкорлик кенгаши (ФКАМҲК) вакилларининг учрашуви якунлари бўйича қўшма баёнотда айтиб ўтилган. Ушбу учрашув АҚШ президенти Барак Обаманинг Кэмп-Дэвиддаги шаҳар чеккасидаги қароргоҳида бўлиб ўтган.

АҚШ араб монархияларига ушбу мамлакатлар ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш учун зарур ҳолларда ҳарбий кўмакни ҳам ваъда қилган.

Учрашув якунларига кўра, Оқ уй раҳбари АҚШ Форс корфази мамлакатлари билан ҳарбий соҳадаги ҳамкорликни кенгайтиришда давом эттириши ҳақида маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, Қўшма Штатлар араб мамлакатларига мудофаа салоҳиятини оширишга ёрдамлашади.

Шунингдек, Б.Обама Вашингтон ўз иттифоқчиларини “ташқаридан бўладиган ҳар қандай тажовусдан” ҳимоя қилишга тайёрлигини таъкидлаган. Айни пайтда у АҚШ “Эроннинг ҳудуддаги дестабилизацияловчи фаолияти”га қарши туриш учун ҳамма нарсани қилишини айтиб ўтган.

Кэмп-Дэвиддаги ФКАМҲКга кирувчи олти мамлакат иштирокидаги саммит 13-14 май кунлари бўлиб ўтди. Унда учрашувга таклиф этилган Арабистон ярим ороли давлатлари раҳбарларидан фақат Қатар ва Қувайт амирлари шахсан қатнашди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: