Абдулазиз Камилов Ҳиндистон академик ва маданий доиралари вакиллари билан учрашди

Дата: 13:12, 22-08-2017.

Тошкент. 22 август. ЎзТАГ – 21 август куни Ўзбекистон Республикаси ҳукумати делегациясига бошчилик қилаётган Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Ҳиндистон илм-фан ва маданият вакиллари билан учрашди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Мазкур учрашув Деҳли (Ҳиндистон) шаҳрида бўлиб ўтди.

“Суҳбатда Ж.Неру номидаги университет, Ислом миллий университети, “Unity Foundation Delhi” ижтимоий-маданий ташкилоти, Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлигининг Маданий алоқалар бўйича ҳинд кенгаши етакчи олимлари, Бобур номидаги халқаро жамғарма фаоллари иштирок этдилар. Учрашувда маданий-гуманитар муносабатлар, Ўзбекистон ва Ҳиндистон фан ва таълим муассасалари ўртасида бевосита алоқаларни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш масалалари юзасидан фикр алмашилди”,  дейилади Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабарида.

Таъкидланганидек, ўзбек ва ҳинд халқлари тарихи, адабиёти, мусиқаси, рассомчилик ва архитектураси, уларнинг бир-бирини бойитиши ва тўлдириши буюк аждодимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва унинг авлодлари номи билан чамбарчас боғлиқ. Уларнинг ўчмас мероси икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш, Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида кўп асрлик савдо, фан, маданият соҳаларидаги самарали алмашинув анъанасини давом эттириш учун кучли салоҳият яратади.

“Илиқ ва ўзаро ҳурмат руҳида ўтган учрашувда ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан аниқ таклифлар айтиб ўтилди”, - дея қайд этилади хабарда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: