Америка компанияси Ўзбекистоннинг туристик бозорини таҳлил қилишга ёрдам беради

Дата: 10:34, 09-09-2019.

Тошкент. 9 сентябрь. ЎзТАГ – АҚШнинг Horwath HTL консалтинг компанияси (Hotel, Tourism & Leisure Consulting – меҳмонхона, туризм ва дам олиш) Ўзбекистон сайёҳлик бозорини таҳлил қилишга ёрдам беради, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"Францияда Ўзбекистон туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси вазифасини вақтинча бажарувчи Абдулазиз Аккуловнинг Horwath HTL компанияси бошқарувчиси Филипп билан учрашуви бўлиб ўтди. Учрашув Ўзбекистон туристик бозорини таҳлил қилиш ва мамлакатда меҳмонхоналар қурилишини режалаштиришга бағишланди", - дейилади қўмита матбуот хизмати хабарида.

Таъкидланганидек, мамлакат туризм бозорида мавжуд инфратузилмани таҳлил қилиш режалаштирилган. Томонлар Ўзбекистон вилоятлари ва шаҳарларида туризм инфратузилмасини ривожлантириш, шунингдек, мамлакатимиз ҳудудларида мавжуд камчиликларни муҳокама қилдилар.

"Horwath HTL мамлакат туристик бозорининг кутилаётган қамровига асосланган стратегияни ишлаб чиқишни ўз бўйнига олди. Таъкидланишича, Horwath каби етакчи компанияларни Ўзбекистонга инвестицияларни жалб этиш масалаларида баҳолаб олиш жуда муҳим, чунки инвесторлар бундай баҳолаш компаниялари таҳлилига асосланган ҳолда мамлакат сайёҳлик саноатига сармоя киритиш ёки инвестиция қилишга қарор қилишади. Лойиҳа муваффақиятли бўлса, у Ўзбекистонга турли хил меҳмонхона брендларини жалб қилишга ёрдам беради", - дея қайд этилади хабарда.

Сурат манбаи: uzbektourism.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: