Ашраф Ғанига Бухоро давлат университетининг фахрий доктори дипломи топширилди

Дата: 10:42, 07-12-2017.

Тошкент. 7 декабр. ЎзТАГ – Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Муҳаммад Ашраф Ғанига Бухоро давлат университетининг фахрий доктори унвони берилгани тўғрисида диплом топширилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу 6 декабр куни афғон етакчисининг Бухоро давлат университети профессор-ўқитувчилари ва талабалари билан учрашуви пайтида содир бўлди.

“Мазкур университет мамлакатимиздаги йирик билим масканларидан биридир. Ундаги 8 факультетда 7 мингдан зиёд талаба ва магистр таълим олмоқда. Афғонистон Президенти университет профессор-ўқитувчилари ва талабалари ҳузурида маъруза қилди”, - дейилади Ўзбекистон президенти матбуот хизматининг хабарида.

 “Дунё илм-фани ва ислом оламида катта ўрин тутган Бухорои шарифни зиёрат қилиш орзуим эди. Муҳтарам Президент Шавкат Мирзиёевга бу имкониятни яратиб бергани учун самимий миннатдорчилик билдираман. Ўзбекистон заминидан Имом Бухорий ва Имом Термизий каби буюк алломалар етишиб чиққан. Бу ерда таълим олаётган ёшлар мана шундай боболарига муносиб бўлиб вояга етишмоқда”, - деди президент Муҳаммад Ашраф Ғани.

Афғонистон раҳбари университетнинг Фахрий меҳмонлар китобига дастхат қўйди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: